Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётида янги тарихий давр бошлангани ҳеч кимга сир эмас.

Давлат бошқарувида йиллар давомида амал қилган “давлат — жамият — инсон” тамойили инсон ва давлат ўртасидаги муносабатлар моҳияти ва фалсафасини янгича талқин этадиган “инсон — жамият — давлат” тамойилига алмашди, десак муболаға бўлмайди. Бунда ҳар бир ислоҳот инсон қадри учун экани белгиланди.

Давлат бошқаруви соҳасида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг яна бир мисоли сифатида жорий йил 8 август куни қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунни кўришимиз мумкин.

2017 йил 7 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида давлат ва жамият қурилиши тизимини ислоҳ қилиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган бўлиб, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ўз навбатида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларнинг амалий ифодаси бўлди.

Қонун илғор хорижий (Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Япония, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Хитой, Болгария, Латвия, Польша, Эстония, МДҲ давлатлари) тажриба, халқаро ташкилотлар ва миллий экспертлар тавсияси асосида ишлаб чиқилган.

Қонун давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, лавозимлар тоифалари ва малака даражаларини, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларининг ягона тартиботини, кадрларнинг касбий-маънавий фазилатлари ва алоҳида хизматларини объектив, адолатли баҳолаш асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш кафолатларини, умуман, ягона давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизмини тартибга солишни назарда тутади.

Шунингдек, қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида давлат сиёсатини олиб борадиган махсус ваколатли давлат органининг ваколатлари кўрсатилмоқда.

Авваллари, ушбу соҳа эътибордан четдан қолган ҳамда ягона давлат сиёсатини олиб борадиган, муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, тегишли йўналишларда ўрганиш ва таҳлиллар олиб бориб, уни янада ривожлантириш юзасидан таклиф берадиган бунақа махсус ваколатли орган бўлмаган.

Мана энди ушбу қонун қабул қилиниши билан Президентимиз раҳбарлигида давлат хизмати соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда. Яъни кадрлар танлашнинг шаффоф ва адолатли тизимини яратиш, ёшларни раҳбарлик лавозимларга тайёрлаб бориш, давлат хизматчиларининг узлуксиз малака ошириб бориши каби мисолларни айтиш мумкин.

Бу ишлар соҳага махсус ваколатли бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан олиб борилади.

Давлат органлари ва ташкилотларда ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Агентликка давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформасини, уни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, соҳада инновацион усулларни жорий этиш, юқори малакали мутахассислар ва истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига кенг жалб этиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш ҳамда Миллий кадрлар захирасини таркиб топтириш ва бошқариш бўйича вазифалар юклатилди.

Яна бир муҳим жиҳати, янги кадрлар сиёсатида аввалги номенклатура ёндашувлари бекор қилиниб, уларни селекция қилиш, ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш, малакасини ошириш, уларнинг иқтидори, салоҳияти ва малакасига кўра, лавозим зиналарида ўсишини таъминловчи “карьера модели”га ўтилмоқда.

Давлат хизматига киришнинг агентлик томонидан йўлга қўйилган очиқ мустақил танлов механизмлари орқали меритократия тамойили амалда ишлай бошлади. Ушбу янгича танлов тартиботлари соҳада таниш-билишчилик ва турли коррупциоген омилларни бартараф этмоқда. Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 39 минг нафардан ортиқ номзод вакант лавозимлар очиқ танловида иштирок этди ҳамда 1804 нафар фуқаро давлат хизматига қабул қилинди.

Эндиликда давлат органларига кимнингдир тавсияси ёки субъектив фикри эмас, балки барча учун тенг ва очиқ бўлган, инсон омили максимал камайтирилган, талабгорнинг малакаси ва касбий компетенцияларининг соғлом рақобатини таъминлайдиган “vacancy.argos.uz” электрон портали орқали энг муносиб номзодлар танлаб олинмоқда.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, биринчи навбатда давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилайди.

Хусусан, қонун нормалари давлат фуқаролик хизмати давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, қонуннинг 10-моддасида Давлат фуқаролик хизмати лавозимида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизматчиси эканлиги кўрсатилган.

Шу билан бирга, давлат фуқаролик лавозимлари “сиёсий”, “бошқарув” ва “ёрдамчи” гуруҳларга ажратилиб, уларнинг ҳуқуқий мақоми, лавозимга тайинлаш ва хизматни ўташ тартиби белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур қонун билан Давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатиш асослари белгиланмоқда.

Унга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматига танлов асосида ишга қабул қилиниши, давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳоланиши, давлат фуқаролик хизматчисининг узлуксиз малакасини ошириш тизими жорий этилиши, давлат фуқаролик хизматчиларига эгаллаб турган лавозимига кўра малака даражалари берилиши, раҳбарлик лавозимларини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида миллий кадрлар захираси шакллантирилиши, давлат фуқаролик хизматини тугатишга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ, давлат хизматчисининг Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этиши каби ҳолатлар асос бўлиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматчисини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишда уларга меҳнат таътили ва ижтимоий таътиллар бериш, ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш, ҳаётига, соғлигига ва мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, давлат пенсия таъминоти давлат томонидан таъминланиши белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, давлат хизматида ўз ечимини топмаган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган мазкур қонун нормаларининг ижросини таъминлаш орқали давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш соҳасида халқаро стандартларга жавоб берувчи ягона тартибот шакллантирилади, давлат фуқаролик хизматига малакали кадрларни жалб қилиш, салоҳиятини ошириш, уларни фидойи, халқпарвар ва рақобатбардош кадрлар сифатида тарбиялаш борасида ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, “инсон қадри учун” ғояси амалда халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши учун, албатта, давлат идоралари билимли, малакали ва фидойи кадрлар билан жамланган бўлиши керак.

С.Данияров,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш

агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари.

ЎзА