Нукусда “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларининг мини футбол ва бадминтон бўйича ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 30 декабрдаги “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида “Парламент ўйинлари” спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Унда иштирокчилар спортнинг мини-футбол, волейбол, стол тенниси ва бадминтон турлари бўйича баҳслашмоқда.

Мини футбол бўйича Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл тумани ҳамда Хоразм вилоятининг Шовот тумани жамоалари ўзаро баҳслашди. Муросасиз ўтган ўйинда майдон эгалари ғалаба қозонди.

Бадминтон бўйича мусобақада халқ депутатлари Хўжайли тумани Кенгаши депутати Дилбар Ранова ҳамда халқ депутатлари Хива  шаҳар Кенгаши депутати Феруза Юсупова майдонга тушди. Ушбу беллашувда Дилбар Ранова ғалаба қозонди.

Эслатиб ўтамиз, спорт мусобақаларининг волейбол, стол тенниси турлари бўйича ҳудудий босқичи яқинда Хоразм вилоятида бўлиб ўтган эди. Унда волейбол бўйича халқ депутатлари Нукус тумани Кенгаши депутатлари жамоаси, стол тенниси бўйича эркаклар ўртасида халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгаши депутати Иномжон Болтабоев, хотин-қизлар ўртасида халқ депутатлари Қораўзак тумани Кенгаши депутати Гулзира Садиқова ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон Республикаси босқичига йўлланма олди.

“Парламент ўйинлари” спорт мусобақалари ҳудудий босқичи ғолиблари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА