Давлатимиз раҳбари 10 август куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ташкил этилган ипотека марказини бориб кўрди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш доим муҳим масала. Давлат ва хусусий сектор томонидан кўплаб уйлар қурилаётгани бунга имконият яратмоқда. Уларни сотиб олиш учун кўмаклашиш мақсадида ипотека кредитлари таклиф этилмоқда. Лекин бу борадаги имконият ва тартиблардан ҳамма ҳам хабардор эмас.
Масалан, жорий йилда ипотека кредитлари учун тижорат банкларига бюджетдан 13 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Лекин олти ойда аҳолига бу маблағларнинг 30 фоизи берилган, холос.
Шу боис Президентимиз 6 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада бюрократияни камайтириш, аҳолига комплекс хизмат кўрсатадиган ипотека марказлари ташкил қилиш зарурлигини айтган эди.
Биринчи шундай марказ пойтахтимизда иш бошлади. Бу ерда ипотека бозоридаги таклифлар умумлашган ва шаффоф тизим йўлга қўйилган. Ташриф буюрувчиларга Тошкент шаҳрида қурилаётган уйлар, уларга хизмат кўрсатадиган банклар, ипотека кредитлари шартлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Олди-сотди, гаров ва ипотека кредити шартномаларини расмийлаштириш тартиби, уй-жойга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш масалаларида ҳам ёрдамлашилади. Энг муҳими, барча хизматлар бир жойда кўрсатилади.
– Халқимиз турмушини яхшилаш учун қанча қарорлар чиқаяпти, қулайликлар яратиляпти. Лекин кўпчилик бундан тўла хабардор эмас. Билганлар ҳам қаерга боришни билмай, овора бўлади. Бу марказ уй олишни истаганларга комплекс хизмат кўрсатиб, оғирини енгил қилади. Энди марказнинг электрон платформаларини ривожлантириб, одамларга янада қулайлик яратиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари минглаб одамлар томорқа учун ипотекадан фойдалана олмаётганига эътибор қаратиб, мутасаддиларга бу бўйича кўрсатмалар берди.
– Томорқа ипотекасини жорий қилиш керак. Томорқа ипотекаси бу халқ ипотекаси бўлади, – деди Президент.
Марказда қурилиш ва девелопер компаниялар ўз офисларини ташкил этган. Харидорлар учун барча шароитлар яратилган.