Уйғоқ юракли шоир

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Азим Суюн таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Унда шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, маънавият тарғиботчилари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кўчимов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, филология фанлари доктори, профессор Қ.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби И.Ғофуров ва бошқалар шоирнинг яхши суҳбатдош, садоқатли дўст, қалби кенг, меҳри дарё инсон эканини таъкидлаб, унинг ҳаёти ва ижодидан намуналар, лавҳалар сўзлаб берди.

Азим Суюн Самарқанд вилояти Нурота туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олгач, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, «Халқ сўзи», «Ўзбекистон овози» газеталари таҳририятларида фаолият юритди.

Шоирнинг «Менинг осмоним», «Зарб», «Эй дўст», «Замин тақдири», «Хаёлот», «Зиё йўли», «Жазо» «Олис тонглар», «Куйганим – суйганим», «Қора кўзинг сенинг» «Шарқ ҳикмати», «Сайланма» каби китоблари нашр этилган.

– Элимизнинг ардоқли шоири Азим Суюн гарчи автобиографик мақолаларида ўзининг адабиётга кеч кириб келганини кўп ифодаласа-да, лекин адабиётда ўз ўрнини жуда тез топган шоирлардан, – дейди ёзувчи Собир Ўнар. – Сабаби, у ўзига тенгқур бўлган адибу шоирлардан қолишмасдан, балки янада самаралироқ ижод қилган. Унинг шеърларини ўқиган киши ҳаётийликни, ёшларга берилаётган ўгитни, таълим-тарбияни, ота-онага ҳурмат, улуғларга эҳтиромни кўради. Шоирнинг китоблари бугун ҳам, эртага ҳам ўқиладиган ва ўқувчига фойда берадиган ижод маҳсулларидир.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА