Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари ўттиз иккинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, сектор ва тегишли соҳа раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов бошқариб борди.

Сессия кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимида ишлаб келган Фархат Алламбергенов соғлиги туфайли ўз аризасига мувофиқ ишдан озод қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддаси, 10-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори келишуви билан шу кунгача Қашқадарё вилояти прокурори лавозимида ишлаб келган адлия катта маслаҳатчиси Таджиев Эркабай Аминович номзоди таклиф қилинди ва депутатлар унинг таржимаи ҳоли билан таништирилди.

Эркабай Таджиев 1975 йил Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида таваллуд топган. Қорақалпоқ давлат университетини, Бош прокуратура Олий ўқув курсини тамомлаган, маълумоти бўйича мутахассислиги – ҳуқуқшунос.

У Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғининг ўринбосари, бошқарма бошлиғи, Тошкент вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари лавозимларида  фаолият юритган, 2019 йилдан Қашқадарё вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

Сессияда Таджиев Эркабай Аминович Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимига тасдиқланди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА