Депутатлар томонидан жойларга чиқиб, ҳақиқий аҳволни ўрганиш, тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни жойида ҳал этиш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий веб-сайтида хабар берилди.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги Зарангари қишлоғида собиқ ширкат хўжалигига тегишли эски бино бор. Зарангарилик тадбиркор Фарҳод Каримов халқ вакиллари билан мулоқотда ўтган асрда хом ғиштдан тикланган ва узоқ йиллар хўжалик маданият клуби вазифасини ўтаган мазкур кўримсиз иншоот ўрнига хусусий мактабгача таълим муассасаси қуриб, аҳолига қулайлик яратиш таклифини ўртага ташлади.
— Биз шу масалада унга амалий ёрдам бериш чораларини кўраяпмиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назир Сабиров. — Бундан ташқари, тумандаги ижтимоий соҳа объектлари ҳолати, улардаги шарт-шароит билан танишиб, мавжуд муаммолар имкон қадар жойида ҳал этилишига ҳаракат қилинмоқда. Хусусан, 26-умумтаълим мактабида синфхоналар иситилмаётганига гувоҳ бўлдик. Туман газ таъминоти идораси мутасаддилари кўмагида 70 метр масофага қўшимча қувурлар тортилиб, мактабда иссиқлик таъминоти йўлга қўйилди.
Мазкур масала тезкор ечимини топди. Аниқланишича, 1 минг 200 нафар ўғил-қиз таҳсил олаётган ушбу мактаб биноси авария ҳолатида. Таълим муассасаси учун янги бино қуриш юзасидан депутатлар тегишли ташкилотларга мурожаат қилди.
Аҳоли билан мулоқотлар чоғида ҳудудда ишлаб чиқариш корхоналарининг камлиги, бандлик, ички йўлларнинг яроқсиз аҳволдалиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, жамоат транспорти қатнови юзасидан кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Депутатлар бу масалаларни атрофлича ўрганиб, уларни ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”га киритмоқда.