Мўйноқда соҳил футболи ва волейболи бўйича “Muynak Sand Cup – 2022” супертурнири ғолиблари аниқланди.
Турнирни ташкил қилишдан асосий мақсад, минтақада спорт ва фестиваллар туризмини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасида соҳил футболи ва волейболини оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодни ёзги спорт турларига жалб қилишдан иборат. Бундан ташқари, турнирни ташкиллаштириш орқали туманда туризм соҳасида фаолият олиб борувчи корхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсади ҳам кўзланди.
Такидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Футбол ассоциацияси ҳамда Мўйноқ тумани ҳокимлиги томонидан ҳамкорликда мусобақалар илк маротаба ташкил қилиниб, ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
“Muynak Sand Cup – 2022” супертурнирида Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган 120 нафардан ортиқ спортчи соҳил футболи, эркаклар ва аёллар ўртасида соҳил волейболи бўйича куч синашди.
Шиддатли ва қизиқарли мусобақалар натижасида соҳил футболи бўйича биринчи ўринни Мўйноқ тумани жамоаси, иккинчи ўринни Тўрткул тумани жамоаси ва учинчи ўринни Қўнғирот тумани жамоаси эгаллади.
Соҳил волейболи бўйича аёллар ўртасидаги мусобақада Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси биринчи, Ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоаси иккинчи, Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Соҳил волейболи бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақада биринчи ўринни Ўзбекистон жисмоний тарбия спорт университети Нукус филиали жамоаси, иккинчи ўринни Тахтакўпир тумани жамоаси, учинчи ўринни Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби жамоаси қўлга киритди.
“Muynak Sand Cup – 2022” супертурнири ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА