Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси кубоги учун “Парламент ўйинлари” спорт мусобақалари Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 30 декабрдаги “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган мусобақада иштирокчилар спортнинг мини-футбол, волейбол, стол тенниси ва бадминтон турлари бўйича баҳслашди.

Мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи якунланиб, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов ғолибларни қутлаб, Хоразм вилоятида бўлиб ўтадиган ҳудудий босқичда ҳам юқори ўринларни эгаллашига ишонч билдирди.

Спорт мусобақаларининг мини-футбол бўйича ўтказилган баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси аппарати ходимлари, волейбол бўйича халқ депутатлари Нукус тумани Кенгаши депутатлари жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Стол тенниси бўйича эркаклар ўртасида халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгаши депутати Иномжон Болтабоев, хотин-қизлар ўртасида халқ депутатлари Қораўзак тумани Кенгаши депутати Гулзира Садикова, бадминтон бўйича хотин-қизлар ўртасида Жўқорғи Кенгес депутати Зухра Реймова биринчи ўринларни эгаллаб, Хоразм вилоятида бўлиб ўтадиган ҳудудий босқичга йўлланма олди.

“Парламент ўйинлари” спорт мусобақалари Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА