Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 25 май куни қабул қилинган “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш дастури ва мазкур дастурни 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича махсус “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Унга кўра, 2023 йилдан бошлаб юртимизда этноспорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар, “Uzbekiston Ethno Games” республика фестивали, Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба “Халқаро этноспорт фестивали” ва “Полвонлар сулоласи” каби кенг кўламдаги танловларни ташкил этиш, шунингдек, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича қатор вазифалар белгиланди.

Мазкур ҳужжат халқимиз учун ғоятда муҳим бўлиб, у мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги маънавий-маърифий ишларнинг мантиқий давомидир.

Хусусан, ҳужжат мазмуни халқимизнинг бир неча асрлардан буён йиғилган маънавий бойликлари, урф-одатлари, миллий анъаналари ва ўйинларини қайта тиклаш, умуминсоний қадриятларни такомиллаштириб, мазмунан қайта бойитишга хизмат қилади.

Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига бир ой муддатда ҳар бир туман (шаҳар)нинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, аҳолининг фикр ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, жорий йил учун миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштириш ва ривожлантириш, спорт мусобақаларини ташкил қилиш бўйича ҳудудий дастурларни қабул қилиш, шунингдек, келгусида шундай дастурларни ҳар йили 1 февралга қадар тасдиқлаш ва ижросини таъминлаш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон кўп миллатли давлат. Унда қардош туркий халқлар билан бирга 130 га яқин миллат вакили ҳамжиҳатлик, тотувликда, бир оила фарзандларидек истиқомат қилиб, Ватанимиз равнақи йўлида ҳар бир соҳада сермаҳсул меҳнат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси муҳим аҳамият касб этади.

Қорақалпоқ халқи ўзига хос бой маданий мероси, адабиёти, маданият ва санъати, фольклорига эга. Булар ичида этноспорт, миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари ўзининг ранг-баранглиги ва бошқа халқларда кам учраши билан ажралиб туради.

Шу билан бирга, қорақалпоқ миллий ўйинлари ўзининг кўп йиллик тарихига эга. Масалан, миллий спорт ўйинларидан бири “Қочарман тўп”нинг пайдо бўлганига минг йилдан ошган. Ўтган йиллар давомида таниқли олимлар бу борада қатор илмий ишлар олиб борган.

Олимларнинг изланиш натижаларига суянган ҳолда айтиш мумкинки, қорақалпоқ халқининг биргина ҳаракатли ўйинлари сони элликдан ортиқ. Улардан кўпчилигини биз болалигимизда ўйнаганмиз, ўйин қоидаларини яхшигина ўзлаштирганмиз.

Масалан, “Қочарман тўп”, “Лабиринт”, “Олдимда нима бор”, “Тўхта”, “Ошиқ ўйин”, “Қўл урмоқ”, “Овчилар, ўрдаклар”, “Тортишмоқ”, “Ғозлар, Оққушлар”, “Тўп отиш”, “Оқ теракми, кўк терак”, “Чағалай”, “Арқон тортишиш”, “Ўсмирлар ўйини”, “Чуллик”, “От устида найза улоқтириш”, “Рўмол ташлаш”, “Яшинмачоқ”, “Тўқмоқ”, “Пешонага чертиш”, “Хўроз уриштириш”,  “Арқондан сакраш”, “Индаги бўри”, “Беш тош”, “Кўпкари”, “Тепмоқ”, “Ланги”, “Ҳакка-қаерда” “Тийин” каби миллий ўйин турлари шулар жумласидандир.

Афсуски, сўнги йилларда ҳаётимизга ахборот коммуникация технологияларининг кенг кириб келиши билан юқорида қайд этилган миллий спорт турлари билан халқ ўйинларининг оммавийлигини анча сусайтирди. Болалар аксарият ҳолларда, миллий ўйинлар билан эмас, балки, уяли телефонлардаги, интернет тармоқларидаги ўйинлар билан банд бўлиб қолди.

Тўғри, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини аҳоли ўртасида кенг оммалаштиришга умумхалқ Наврўз байрами доирасидаги маданий-маърифий тадбирларда эътибор қаратиб келинмоқда. Аммо бу муаммонинг ечими бўлолмаяпти.

Ушбу масалага қарорда алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, тегишли вазирлик ва идораларга тарғибот борасида туркум мақолалар тайёрлаш, телерадиоканаллар ва Интернет тармоқларида махсус кўрсатувлар, эшиттиришлар ва видеороликлар тайёрлаб, мунтазам ёритиб бориш, миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари мазмун-моҳияти ҳақида китоблар, жумладан, “Миллий халқ ўйинлари” қўлланма китобини нашр қилиш, хуллас, тарғиботнинг буклет, баннер ва флайер каби барча турларидан кенг фойдаланиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Мамлакатимиздаги глобаллашув жараёнларидан олиб қараганда Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур қарор, миллий қадриятларимизни қайта кенг жонлантиришдаги муҳим ташаббус ҳисобланиб, у келажак авлодларнинг маънан, жисмонан ва руҳан соғлом инсонлар бўлиб вояга етишишида, уларни миллий меросларимизга ҳурмат ва фахр руҳида тарбиялашда, шунингдек, кўп миллатли давлатимизнинг бутун дунё миқёсидаги обрў-эътиборини оширишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Чаржаў Елмуратов,
журналист.