Бош прокуратурада Республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари мувофиқлаштирувчи Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Бош прокуратура, Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг масъул ходимлари иштирок этди.
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раислигида ўтган йиғилишда порахўрликка оид жиноят ҳақидаги ариза ва хабарлар бўйича тезкор – қидирув тадбирлари ва терговга қадар текшириш ўтказиш ҳамда жиноят ишлари юзасидан тергов аҳволи кўриб чиқилди.
Муҳокама давомида бу тоифадаги жиноятларни аниқлаш ва фош этиш бўйича ўтказиладиган тезкор – қидирув тадбирлари, жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давомида қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги ва “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги қонунлар ижроси танқидий муҳокама қилинди.
Жиноятларни жиловлаш, содир этилган жиноятларни фош этиш, қидирувда бўлган шахсларни ушлаш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Тадбир давомида жиноят содир этишга мойил шахсларни тўлиқ ҳисобга олиш, профилактика тадбирларининг ҳаққоний ўтказилиши устидан назорат ўрнатиш, ҳар бир маҳалла ва туман (шаҳар)ларни “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифага ажратиш ва реал жиноят ўчоқлари бўйича мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, ушбу йўналишни назоратга олиш бўйича аниқ талаблар қўйилди.
Йиғилиш якунида вилоят прокуратуралари, ички ишлар бошқармалари ва тегишли бошқа органларнинг соҳа учун масъул раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва муҳокама қилинган соҳаларда фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА