Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Тарихнинг номаълум саҳифалари”, “Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Мухториятнинг ўрни ва роли”, “Ғози Юнус”, “Ўзбекистонда совет даврида амалга оширилган сиёсий кампаниялар” ва бошқа китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда шоир-ёзувчилар, адабиётшунос ва санъатшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда мазкур китобларнинг ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб этиб тарбиялашдаги роли ҳамда бугунги бахтиёр ҳаётимиз учун жон фидо қилганлар хотирасини абадийлаштиришдаги ҳиссаси, мазмун-моҳияти хусусида фикр билдирилди.

«Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ва “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди томонидан тайёрланган, илмий ахборот ва мақолалар, ҳужжат ва материаллар, хотираларни ўз ичига олган “Тарихнинг номаълум саҳифалари” даврий тўпламининг 6- ва 7- китобларида Ўзбекистон тарихининг мустамлакачилик ва мустабид тузум даврида рўй берган, аммо тарихчи олимлар томонидан кам ўрганилган муҳим масалаларига оид, шунингдек, ўз тақдирида мураккаб тарихий даврнинг фожиали воқеаларини ифодалаган шахслар ҳақидаги хотиралар ўрин олган.

“Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Мухториятнинг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари тўпламига Туркистон мухториятининг эълон қилиниши ва сиёсий, иқтисодий-ижтимоий фаолияти, маҳаллий аҳолининг унга муносабати ҳамда Мухториятнинг бостирилиши билан боғлиқ маъруза матнлари киритилган.

“Ғози Юнус” китобида XX асрнинг 20-йиллари ўзбек адабиёти, санъати ва миллий матбуотимиз тараққиётига самарали таъсир кўрсатган драматург, шоир, адабиётшунос, театр танқидчиси, “Муштум”, “Зарафшон” нашрларининг ташкилотчиси Ғози Юнус ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилинади.

“Ўзбекистонда совет даврида амалга оширилган сиёсий компаниялар” тўпламига ўша даврдаги компаниялар, уларнинг оқибатлари билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ва юзага чиқаришга қаратилган маъруза матнлари киритилган бўлиб, у Ўзбекистон тарихининг ўта мураккаб ва зиддиятли даври тарихи билан қизиқувчи тарихчи, сиёсатшунос, адабиётшунос, файласуф ва бошқа соҳа мутахассислари томонидан олиб борилган ва олиб борилаётган ишларни тўлдиради ҳамда шу давр тарихини тўғри ёритишга хизмат қилади.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА