Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллиги кенг нишонланди.
Вилоят марказидаги «Боғи Бобур» истироҳат боғидаги «Бобур ва жаҳон маданияти» музейида Бобур ва бобурийлар ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш масалаларига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Япония давлатларидан келган бобуршунос олимлар ҳам иштирок этди.
– Ўзбекистонда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар давлат сиёсати даражасида олиб борилаётганига ҳавасим келди, – дейди Токио санъат университети профессори Куме Шого. – “Бобурнома” асари япониялик таниқли бобуршунос олим, профессор Эйже Моно томонидан япон тилига таржима қилинган. Ушбу асарни ўқиб чиқиб, Бобур юртига бўлган қизиқишим ортди. Ана шу қизиқиш туфайли бугун Ўзбекистонга, хусусан, Андижонга келдим. Юртингиз менда фақат илиқ таассуротлар қолдираяпти. Айниқса, Осиё илм-фани, Ҳиндистон тараққиёти ва ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган ҳурмат халқингизнинг шу юртдан етишиб чиққан буюк тарихий шахсларга юксак эҳтиромининг ёрқин намунасидир.