Ўнггимда урушга отланар ўғил,
Қон йиғлаган она, қалби вайрон қиз.
Улар қандай бардош берганки, бизлар,
Урушни саҳнада кўриб йиғлаймиз.
Ўнггимда урушга отланар ўғил,
Жанггу жадалларга мағрур тортар из.
Бунчалар жасорат қайданким, бизлар,
Урушни саҳнада кўриб йиғлаймиз.
-Ўғлим Ватан учун собит бўл, мард бўл,
Онанинг қалбидан отилар шу сўз
Қайдан бу ирода, матонат, бизким
Урушни саҳнада кўриб йиғлаймиз.
Олис жанггоҳларга кетган ёрини ,
Ишонч билан кутар, қалби вайрон қиз.
Муҳаббатми унга куч берган, бизлар,
Урушни саҳнада кўриб йиғлаймиз.
…Ўнггимда ғалаба бўлар намоён,
Ўғил қайтар оқсаб, бироқ ёруғ юз
Бағрига босади бемажол она,
Қувончидан тикка туриб йиғлаймиз.
Вужудимиз босиб боради титроқ,
Кўнгилни бир савол билан чулғаймиз
Улар қандай бардош берганки? бизлар,
Урушни саҳнада кўриб йиғлаймиз.
НАЗИРА МАТЯҚУБОВА
Нукус шаҳридаги 27 мактабда 9 май кунига бағишлаб ўтказилган тадбирдаги саҳна кўринишидан таъсирланиб ёзилган шеър.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги