Бугун Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси ўтказилди. Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар муҳокама этилди.

Хусусан, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил I чораги ижроси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, қўмита томонидан “Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий хизматлар тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ушбу Қонун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг ҳуқуқ ва эркинликларига доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишларнинг мантиқий давоми эканлиги таъкидланди. Қонун қизғин муҳокама қилиниб, шундан сўнг қўмитанинг қонунни навбатдаги ялпи мажлис муҳокамасига киритиш ҳақидаги хулосаси тасдиқланди.

Шунингдек, мажлисда қўмита ишчи гуруҳи томонидан 11-15 апрель кунлари “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Жиззах вилоятидаги Ахборот-кутубхона марказларидаги ижроси бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, биноларнинг қурилиш ва санитария нормаларига мувофиқлиги ҳамда моддий-техник таъминот билан боғлиқ масалалар танқидий муҳокама қилинди, мутахассислар ва экспертларнинг фикрлари эшитилди.

Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА