Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров, Польшанинг Тиббий маҳсулотлари, тиббий жиҳозлар ва биоцид маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш идораси президенти Гжегож Чесак бошчилигидаги делегация вакилларини қабул қилди.
Учрашувда томонлар, шу йилнинг 30 август санасида икки давлат регулятор ташкилотлари ўртасида имзоланганхалқаро ҳамкорлик бўйича меморандум бандларидаги вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари ва аниқ муддатларини белгилаш юзасидан тегишли масалаларни муҳокама қилди.
Польша Тиббий маҳсулотларини, тиббий жиҳозлар ва биоцид маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш идораси Польшада тиббий маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш учун масъул асосий орган ҳисобланади. Мазкур ташкилот 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, фармацевтика маҳсулотларни рўйхатга олиш, бозорга чиқариш ва уларнинг сифатини назорат қилиш учун зарур бўлган тартибларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.
Самимий руҳда ўтган мулоқот якунида, ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишилган йўналишлардаги ишларни амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар режасидан иборат бўлган йўл харитаси имзоланди.
Польша делегациясининг юртимизга ташрифи доирасида «UzMedExpo-2024» тиббиёт кўргазмаси билан танишиш, шунингдек, пойтахтимиздаги «Rompharm» компанияси ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига бориш режалаштирилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА