“Ўзбекдавлатцирки” давлат муассасаси артистларининг Тожикистон Республикасига ижодий сафари бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигидан билдиришича, 25 йилдан сўнг Тожикистонга ташриф буюрган цирк усталари мезбонлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатлари ўртасида маданий-гуманитар ва цирк соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида “Эко Азия” номи билан ташкил этилган мазкур дастур доирасида “Ўзбекдавлатцирки”нинг артистлари март ойининг охирига қадар Тожикистонда ижодий сафарда бўлади.
– Ўтган йилнинг декабрь ойидан буён тожикистонликлар ва Душанбе шаҳри меҳмонлари Тошкент цирки усталарининг ранг-баранг чиқишларидан баҳраманд бўлмоқда, – дейди циркчилар гуруҳи раҳбари Норнисо Алиева. – Ҳар куни икки мартадан намойиш этилаётган томошаларга болалару катталар ташриф буюрмоқда. Дорбозлар, жанглёрлар, гимнастикачиларнинг чиқишлари, ўргатилган жониворлар иштирокидаги томошалар барчага бирдек манзур бўлмоқда.