Жорий йилда мамлакатимизда ишлаб чиқарувчи компаниялар, дилерлар, юртимиз ва халқаро савдо белгилари вакиллари учун маҳсулотларини воситачиларсиз сотиш имконини берувчи “ZoodMall” электрон онлайн-майдончасини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти ва Швейцариянинг “Zoodel” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа маҳаллий ва хорижий корхоналарга ўз маҳсулотларини улар учун энг қулай усулларда экспорт қилиш имконини берувчи янги техник ечимлар жорий этишни кўзда тутади. Хусусан, уларга ўз маҳсулотларини махсус мобиль иловалар орқали “ZoodMall” сайтига жойлаштириб, “eBay”, “AliExpress”, “Lazada” ёки “Cdiscount” сингари халқаро B2C-савдо майдончаларида оммалаштириш имконияти тақдим этилади.
“Zoodel” компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича бош директори С.Муҳамедалиевнинг фикрича, “ZoodMall” мобиль иловаси маҳаллий тадбиркорларга халқаро бозорда онлайн-савдо юритиш имконини беради. Демак, дунё бўйича 300 миллиондан ортиқ салоҳиятли харидор Ўзбекистоннинг юқори сифатли маҳсулотлари билан танишади. Айни пайтда юртимиз истеъмолчиларига арзон нархларда кенг турдаги товарлар таклиф этилади ва “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти томонидан етказиб берилади. Ҳозирги кунда “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти ва “Zoodel” компанияси ўртасида меморандум имзоланган. Унга мувофиқ, маҳаллий бизнеснинг халқаро электрон савдо майдончаларига чиқиши ва кўп томонлама савдо ҳажмини кўпайтириш мақсадида унинг рақобатбардошлигини ошириш механизми яратилади.