Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида «Соғлиқни сақлаш – TIHE 2022” халқаро тиббиёт кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

«Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ва бир қатор давлат ташкилотлари расмий кўмагида ташкил этилган тадбирда 15 мамлакатдан 150 компания иштирок этмоқда.

«Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоеванинг маълум қилишича, тиббиёт бетўхтов ривожланиб, доимий равишда янги дори воситалари патентланмоқда. Тиббий асбоб-ускуналар яратилмоқда, даволаш ва жарроҳлик операцияларининг янги усуллари жорий этилмоқда. Ҳар бир мамлакат хусусий ва давлат тиббиёт муассасаларини тизимли янгилашда, замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашда ғамхўрлик қилади.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз фуқароларининг умумий фаровонлиги йўлида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Н.Ҳайитбоева. – Пандемия даврда беморлар учун қўшимча ўринлар яратиш ва тегишли инфратузилма билан таъминлаш бўйича шошилинч чора-тадбирлар кўрилиб, кўплаб муассасалар шифохоналарга айлантирилди. Соҳа мутахассислари кўргазма соғлиқни сақлаш тизмини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, энг янги тиббий асбоб-ускуналар ва технологиялар билан танишишда муҳим аҳамият касб этишини тасдиқлаб келмоқда. Ҳар йили кўргазма майдони ўз доирасида ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, дилерлар ва шифокорларни тиббиёт соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар, мавжуд тиббий амалиётлар ва илғор технологияларни муҳокама қилиш учун бирлаштиради.

Кўргазмада доимий иштирокчилар қаторида 40 та компания илк бор қатнашмоқда.

Жумладан, илк бор Латвия компаниялари миллий стенд билан иштирок этяпти. Шунингдек, Германиянинг 5 та, Россия ва Беларусь каби давлатлар компаниялари кимё, тиббиёт муассасалари учун ускуналар, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар, дори-дармонлар, тиббиёт мебеллари, протез-ортопедия жиҳозлари, операция столлари каби маҳсулотларини намойиш этмоқда.

– Германиянинг «Dreager» компанияси 1889 йилдан буён тиббий ускуналар ишлаб чиқаради. Компаниянинг мамлакатимиздаги расмий дистрибьютори 1996 йилда очилган. Биз харидорларга ушбу компаниянинг жарроҳлик амалиёти, сунъий нафас олиш аппаратларини етказиб берамиз. Бугунги кўргазмадан амалий натижалар кутяпмиз, –деди компаниянинг дистрибьютор вакили Исломбек Ҳасанбоев.

Халқаро кўргазма доирасида “Соғлиқни сақлашда замонавий технологиялар” мавзусида илмий-амалий семинарлар ўтказилади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири