Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров бошчилигидаги делегация аъзолари Боку шаҳрида Озарбайжоннинг АзерТАЖ ахборот агентлиги бошқаруви раиси Аслан Асланов билан учрашиб, ўзаро муносабатни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди.

АзерТАЖ раҳбари дастлаб меҳмонларга агентлик ҳақида батафсил маълумот берди. Шу билан бирга мамлакатларимиз ва халқларимиз доимо бир-бирини қўллаб-қувватлаб келганини таъкидлаб, бу муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Айни жараёнда ЎзА ва АзерТАЖ ўртасидаги шериклик кўламини кенгайтириш бугунги куннинг муҳим ва долзарб масаласи экани қайд этилди.

Ўз навбатида С.Шукуров мазкур учрашув икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун асос бўлишини айтиб, жумладан шундай деди: «Давлатларимиз сингари агентликларимиз ҳамкорлиги ҳам чуқур тарихий илдизларга эга. Шундан келиб чиқиб, биз АзерТАЖ билан ахборот алмашиш салмоғини сезиларли равишда кўпайтириш, техник жиҳатдан, кадрлар малакасини ошириш бўйича ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш ниятидамиз».

Мулоқот чоғида ахборот соҳасидаги халқаро тузилмалар билан шериклик доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш, келишув ҳужжатларини имзолаш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш каби масалалар ҳам кўтарилди.

Меҳмонлар АзерТАЖнинг янги биносини кўздан кечириб, бу ерда ходимлар учун яратилган замонавий шароитлар билан танишди.

Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси вакилларига мамлакатимизнинг Бокудаги элчихонаси ходими Баҳром Ғоипов ҳамроҳлик қилди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА