Эртага, 1 апрелдан 2-3 ёшли болаларни тўлиқ қувватга эга бўлмаган боғчаларга қабул қилиш бошланади.

Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Мисол учун, 400 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилотига айни пайтда 350 нафар бола қатнайди. Шунингдек, мазкур боғчага 3-7 ёшли болалар навбатда турмаган бўлса, шу боғчада қўшимча пуллик хизмат кўрсатувчи Илк ривожланиш гуруҳлари ташкил этилади.

Уларга таълим бериш учун махсус дастур ишлаб чиқилмоқда. «Илк қадам » дастури ушбу илк қадам ривожланиш гуруҳлари учун татбиқ этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мазкур масалага алоҳида эътибор қаратган эди. Бу эса ишлашни ҳохловчи ёш ота-оналар учун қулай имкониятдир.  Шунингдек,  хотин-қизлар бандлигини таминлаш,  уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш, манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА