Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Эрон Ислом Республикаси Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада кенгайтириш масалалари ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида Али Шамхоний давлатимиз раҳбарига Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон етакчиси олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, икки мамлакат етакчи корхоналари ва компанияларининг саноат кооперацияси кенгаймоқда. Ўтган ойда Теҳрон шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форум муваффақиятли ўтказилди. Яна бир қатор муҳим тадбирлар режалаштирилган.

Бугун Тошкент шаҳрида ўтган Хавфсизлик бўйича қўшма комиссия биринчи йиғилишининг амалий натижалари ижобий баҳоланди.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларида шериклик лойиҳалари ва дастурларини илгари суриш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан хавфи ортиб бораётган терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотикларнинг ноқонуний айланмаси таҳдидларига қарши курашиш масалаларида самарали ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистонда юзага келаётган вазият ҳамда ушбу мамлакатдаги гуманитар инқирозни енгиб ўтишга зарур кўмак кўрсатиш чоралари юзасидан фикр алмашилди.