Туркия полицияси тўққиз кишини ҳибсга олди. Улар жума куни Измирда юз берган зилзила оқибатида вайрон бўлган турар-жой биноларининг қурилишига алоқадор шахслар ҳисобланади, деб хабар қилади NTV телеканали.

Ҳибсга олинганлар орасида қурилиш компаниясининг вакиллари ҳамда қурилиш лойиҳаларини техник экспертизадан ўтказиш бўйича мутахассислар бор.

Ўтган жума куни Туркиянинг Измир вилояти Сеферихисар шаҳрида кучли ер қимирлади. Зилзила маркази Эгей денгизи экани айтилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида қурбон бўлганлар 91 кишига етган, 994 киши жароҳат олган.

Зилзила Грециянинг Самос оролида ҳам қайд этилди. Бу ерда икки киши қурбон бўлган 19 киши жароҳат олгани маълум қилинди.

 

ЎзА