Кенияда сенатор комендантлик соатига амал қилмагани учун ўз лавозимини тарк этди

Кения сенатининг коронавирус тарқалишига қарши кураш қўмитаси раиси комендантлик соати режимига қарамай барда спиртли ичимлик ичиб ўтирганда қўлга тушди ва лавозимини тарк этишига тўғри келди, деб маълум қилди маҳаллий Star нашри.
Хабарда айтилишича, сенатор Жонсон Сакажа ва яна уч киши шанба куни ярим кечада пойтахтдаги Килимани туманидаги барларнинг бирида ўтиришганда полиция томонидан қўлга олинган. Тўрталаси ҳам ҳукумат жорий қилган комендантлик соатига амал қилмагани учун қамаб қўйилган.
Душанба куни Сакажа полиция идорасида журналистлар қаршисига чиқиб, қилмиши учун кенияликлардан узр сўради ва анти-коронавирус қўмитаси раислигини тарк этганини маълум қилди.
“Мен COVID-19 билан боғлиқ тартиб-қоидаларни буздим. Соат 9 дан кейин уйда бўлмадим. Бу жуда афсусланарли, ҳаммамиз ҳам хато қиламиз”, – деди у ва қилган ишлари учун барча жавобгарликни зиммасига олиб, раислик лавозимидан кетишини қўшимча қилди.
Сенаторнинг маълум қилишича, сешанба куни у суд қаршисида ҳам жавоб беради. Сакажа жарима тўлайди ёки қамоқ жазосини ўтайди, дейилади хабарда.

 

ЎзА