Янгиланаётган Ўзбекистондаги янгича сайловлар​

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) расмий веб-сайтида тузилма миссиясининг Ўзбекистонда ўтаётган парламент сайловларини кузатиш бўйича 25 ноябрь – 10 декабрь муддатдаги дастлабки оралиқ ҳисоботи эълон қилинди.

Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланган 2016 йилдан кейинги даврда мамлакатимизда илк бор парламент сайлови бўлиб ўтмоқда. “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар!” шиори остида ўтаётган бу сиёсий жараён юксак марраларга эришишга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш даврига тўғри келди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳисобот ЕХҲТ ДИИҲБ тарихида 1999 йилдан буён Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш билан боғлиқ барча ҳисоботлардан кескин фарқ қилади. Унда, жумладан, мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва сайлов тажрибасини такомиллаштириш соҳасида сезиларли ўсишга эришилгани эътироф этилган, ҳукуматнинг жамоат ва давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш йўлидаги аниқ саъй-ҳаракатлар қайд этилган.

Ҳисоботда мамлакатни ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари, жумладан, демократик ўзгаришлар даврида парламент ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, қонун устуворлиги, судлар мустақиллиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазасини таъминлаш чоралари кўрилаётгани келтирилган.

ЕХҲТ миссияси ўз ҳисоботида бўлажак сайловлар сезиларли даражада янгиланган ҳуқуқий тизим доирасида ўтказилишини таъкидлайди. Сайлов қонунчилигида жорий этилган янгиликлар ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан олдиндан тавсия этилган бир неча марта овоз беришни истисно этувчи сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати татбиқ этилиши, Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат депутатлик ўринлари учун квоталар бекор қилиниши, сайловчиларга биттадан ортиқ сиёсий партияларнинг сайловда қатнашишини қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш ҳуқуқининг берилиши, сайлов округларидаги сайловчилар сонининг энг юқори фарқи 10 фоиз даражасида белгиланиши, ижтимоий хавф туғдирмайдиган, оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаётган шахсларга сайловда овоз бериш ҳуқуқи берилиши каби тавсияларига мос келадиган сайлов қонунчилигига оид янгиликлар ижобий баҳоланди.

Марказий сайлов комиссиясининг иши ижобий кўринишда тақдим этилган. Таъкидланишича, Комиссия аъзоларининг сони 16 нафардан 21 нафаргача, таркибидаги аёллар сони 3 нафардан 7 нафаргача кўпайди. Сайловларни ўтказиш тартиби ва муддатларига қатъий риоя қилинаётгани билдирилган. Марказий сайлов комиссияси расмий сайти доимий равишда янгиланиб турадиган маълумотларга бой эканига эътибор қаратилган.

Ҳисоботда Марказий сайлов комиссияси томонидан, жумладан, ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда, сайловчиларни кенг хабардор қилиб бориш, сайлов комиссияси аъзоларини ўқитиш, илк бор “Saylov – 2019” мобил иловасини ишга тушириб, амалиётга татбиқ қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитлар яратиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар оиб борилгани ҳақида маълумот берилган.

ДИИҲБ ҳисоботида, шунингдек, аввалги йилларда “ҳорғин” ва “деярли сезилмайдиган» дея баҳоланган, сайловчилар учун ҳақиқий танлов имконини бермаган сайловолди ташвиқоти моҳияти 1999 йилдан бери биринчи маротаба кескин танқид қилинмади.

ДИИҲБнинг тан олишича, Халқаро матбуот маркази биринчи марта бешта сиёсий партия вакиллари ўртасида дебатларни ташкиллаштирмоқда, дастурлар жонли эфирда намойиш қилинмоқда. Таъкидланишича, сайловолди ташвиқотининг энг таъсирли шакли сифатида ижтимоий тармоқлар, хусусан, “Facebook” ва “Telegram”дан фойдаланиш ҳисобланади. «Мустақил шарҳларнинг муҳим манбаи саналган блогерларнинг фаоллиги»га урғу берилган.

Бундан ташқари, ЕХҲТ ДИИҲБ ҳисоботида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига биринчи марта сайловларни кузатиш ҳуқуқи берилгани, қуйи палатага вазирлар номзодларини тасдиқлаш ваколати берилиши орқали парламент ролининг кучайтирилгани, нодавлат нотижорат ташкилотларига қулай шароит яратилгани, депутатликка номзодлар орасида аёлларнинг улуши 41 фоизгача ва бошқа миллат вакилларининг улуши 8,4 фоизгача ошгани ҳақидаги маълумотлар ҳам бор.

Шу билан бирга, миссия ҳисоботида
турли уюшмаларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини, фикр билдириш ҳуқуқини таъминлаш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлиги ҳақида тавсиялар мавжуд. Депутатликка мустақил номзодлар кўрсатиш институтини жорий этиш орқали фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилади. Сиёсий партияларнинг жамоат жойларида партиялар ва уларнинг номзодлари тўғрисидаги реклама материалларини жойлаштириш орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориш, шунингдек, сайлов кампанияси кенг кўламда ташкил этилишини таъминлаш учун интернетдан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида фикрлар билдирилган.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг хулосасида таъкидланишича, журналистлар мунозаралар пайтида кўтарилган сиёсий масалаларни муҳокама қилиш, сиёсий партиялар, улар номзодларининг сайловолди дастурлари мазмун-моҳиятини таҳлил қилиш ва очиб бериш бўйича ишларни кучайтириши керак.

 

ЎзА