БМТ Бош Ассамблеяси Қрим бўйича Россияга қарши резолюция қабул қилди

БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган резолюция Украина томонидан таклиф этилган бўлиб, унда Қримда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани айтилади.
Аввалроқ Бош Ассамблеянинг иқтисодий қўмитаси бу резолюцияни молиялаштиришдан бош тортганди.
РИА Новостининг аниқлик киритишича, ушбу ҳужжатни тасдиқлаб 65 давлат овоз берган, қаршилар 27 та, бетарафлар 70 дан зиёд.
Россиянинг БМТдаги вакилининг қайд этишича, резолюция “фавқулодда сиёсийлаштирилган бўлиб, нотўғри ва сохта ахборотга асосланади”.
Шунингдек россиялик дипломат барчани Қримга бориб, яриморолда ҳордиқ олаётган украиналиклардан уларнинг ҳуқуқларига чиндан ҳам даҳл қилинаяптими ёки йўқлигини аниқлаштиришни таклиф қилган.
Уч йилдирки, БМТ Бош Ассамблеясининг ижтимоий, гуманитар ва маданий масалалар бўйича учинчи қўмитаси Қримда инсон ҳуқуқлари бузилишига доир резолюцияни қабул қилиб келмоқда. 2016-2017 йилларда ушбу ҳужатни қўллаб-қувватлаб 70 та давлат овоз берган, қаршилар 26 та, бетараф қолганлар эса 70 дан ортиқ.
Қримда инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича резолюция лойиҳасига Австралия, Австрия, Бельгия, Болгария, Германия, Грузия, Дания, Ирландия, Исландия, Испания, Канада, Латвия, Литва, Люксембург, Мальта, Маршалл Ороллари, Нидерландия, Норвегия, Польша, Португалия, Молдова Республикаси, Словакия, Словения, Буюк Британия, АҚШ, Туркия, Украина, Финляндия, Франция, Чехия, Швеция ва Эстония ҳаммуаллифлик қилган.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА