​Стратегиялаш назарияси ва амалиёти

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида стратегик ишланмалар соҳаси бўйича таниқли мутахассис, академик Владимир Квинтнинг “Стратегиялаш назарияси ва амалиёти” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
 
7.JPG
Китобнинг тақдимоти тадбирида мамлакатимиз илмий доиралари вакиллари, академия илмий ходимлари ва тингловчилари иштирок этди.
15.JPG
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Рустам Қосимов ва бошқалар мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар даврида бу каби китоблар мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
32.JPG
Академик, Россия Фанлар академиясининг чет эллик аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Владимир Квинт стратегия назарияси ва глобал бозор соҳаси бўйича жаҳондаги машҳур олим, стратегия умумий назариясини ишлаб чиққан, шаклланаётган глобал бозор назарияси яратувчиси ҳисобланади.
Ўзбек ва рус тилларида мамлакатимизда нашр этилган “Стратегиялаш назарияси ва амалиёти” номли китоби олимнинг кўп йиллик изланишлари натижаларининг концептуал баёни ҳисобланади. Унда фундаментал қонун-қоидалар, стратегиялаш назарияси ва амалиёти, стратегиянинг асосий тоифалари шарҳлаб берилган.
Муаллиф томонидан стратегияни ишлаб чиқиш ва бу жараёндаги энг муҳим принципларни ўзида намоён этувчи стратегик фикрлашнинг ўн бешта новаторлик қоидалари шакллантирилган.
Шунингдек, мазкур китобда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ва пировард мақсади ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратишга қаратилган ислоҳотлар ва бозордаги қайта ўзгартиришларга ҳам юқори баҳо берилган.
Кенг жамоатчиликка тақдим этилаётган мазкур китоб раҳбарлар, шунингдек, стратегик режалаштириш, бошқариш соҳасида фаолият олиб бораётган олимлар ва мутахассислар учун катта илмий янгилик бўлиб, методологик, долзарб амалий аҳамият касб этади.
Тантанали тадбирда В.Квинтга Тошкент давлат иқтисодиёт университети фахрий доктори унвони берилди.
Эслатиб ўтамиз, сайтимиз орқали “Чуқур ўйланган стратегия – иқтисодий ўсиш ва ҳаёт сифатини ошириш асоси“ сарлавҳали мақола остида мазкур китоб моҳияти очиб берилган эди.

 

Моҳигул Қосимова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА​