Ўзбекистон делегацияси Лондонда ўтказилган Жаҳон таълим форумида иштирок этди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида халқаро ҳамкорликни тобора кенгайтириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Таълим соҳаси мутасаддилари турли халқаро анжуманларда, форумларда фаол қатнашаётгани илғор ўқув-инновацион технологиялар, методикаларни билим бериш жараёнига жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 21-25 январь кунлари Лондонда бўлиб ўтган Жаҳон таълим форумида иштирок этди.
Дунё миқёсидаги йирик ушбу маърифий форумда 100 дан зиёд давлатларнинг таълим вазирлари, соҳа мутахассислари иштирок этди. Унда таълим соҳасини ривожлантириш бўйича масалалар қизғин муҳокама этилди.
Форум доирасида мамлакатимиз делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда барча жабҳаларда, жумладан, таълим соҳасида бошланган ислоҳотлар Буюк Британия таълим соҳаси вакилларида катта қизиқиш уйғотаётгани таъкидланди.
Учрашув давомида томонлар таълим сифатини ошириш ва мамлакатимизда инглиз тилини ўқитишни такомиллаштириш бўйича масалаларни муҳокама қилди. Икки давлат вазирларининг учрашуви илк бор амалга оширилгани ҳам эътиборга молик ва Буюк Британиянинг Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотларга қизиқишининг ортаётганидан далолатдир.
Ўзбекистон делегацияси Cambridge Assessment International Education, Bridge International Academies, Education First (Швеция) ва бошқа ташкилотлар билан учрашувлар ўтказди.
Хорижий компания вакиллари Ўзбекистон билан инглиз тилини ўқитиш, инглиз тили ўқитувчилари билимини текшириш, дарс жараёнининг онлайн назорат платформасини, мутахассисларни инглиз тилига онлайн ўқитиш тизимини жорий этиш ҳамда бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш ниятини билдирди.
Ўзбекистон делегацияси Британия Кенгашининг “Таълим сиёсати бўйича мулоқот: ёшларимиз келажакка қандай тайёргарлик кўраяпти“ мавзусидаги дастурда ҳам иштирок этди.

 

Н.Усмонова, ЎзА