Ер юзинда ўзга бир олам эрур бизнинг Ватан!

Мустақиллик байрами яқин. Юртдошларимиз юз-кўзларида кўтаринки кайфият. Тилларида бир сўз – шукроналик. Қалбларида эзгу ниятлар… 
Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!
Ана шундай азиз ва муқаддас байрам арафасида Мустақиллик аталмиш бебаҳо неъмат, унга эришиш йўлидаги курашлар, фидоликларни эсламаслик мумкин эмас. Шу боис, ўзининг узоқ йиллик ижодий ва илмий фаолияти давомида кўплаб китоблар, мақолалар муаллифи бўлган, асарларида XX аср ўзбек маърифатпарварлари ҳаёти ва ижодини ўрганишга алоҳида эътибор қаратган, ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган адабиётшунос олим, профессор Наим Каримов билан суҳбатда бўлдик.
– Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ шўро замонидаги оммавий қатағон мавзусида адабиёт билан боғлиқ жиҳатларни ёритиш ва Ўзбекистоннинг яқин тарихининг ўқилмай қолган, шунингдек, нотўғри ёритиб келинган саҳифаларини қайта тиклаш ҳаракатида бўлдингиз. Беҳбудий, Чўлпон, Қодирий, Усмон Носир каби қатағон қурбонларининг ижоди ҳақида кенг кўламли ишлар қилдингиз. Сизнинг-ча, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, ёш авлодга етказиш қанчалик муҳим аҳамият касб этади?
– Болалик даврим уруш йилларига тўғри келгани учунми тинчликнинг бебаҳо неъмат эканини яхши ҳис қиламан. Ҳаётий кузатишларим, илмий изланишларим натижасида Мустақиллик учун қандай курашлар олиб борилгани, не-не жонлар қурбон бўлгани, қанча умрлар армонда ўтгани, кўплаб ҳаётлар ўртаниб кетганига амин бўлдим. Аждодларимиз ҳасрати, дард-у армонларини ҳис қилдим. Бундай фидойиликларни унутиш, номларини абадийлаштирмаслик – ўзликни унутиш билан баробар бўлар эди. Мустақиллигимиз шарофати билан ана шундай эзгу, савоб ишга бош қўшиш насиб қилди.
Ўтган асрнинг 37-38 йилларида ўлкамизда ҳукмрон тузум тазйиқи билан кўплаб бегуноҳ инсонлар қатағон қилинди. Бу катта қирғинда аёллар бева, болалар етим бўлиб қолди. Жамиятнинг илғор зиёли қатлами қораланди. Бугунги кунда ўша пайтлар қатағонга учраган кўплаб бегуноҳ инсонлар хотирасини абадийлаштиришга бағишланган энциклопедия яратиш устида иш олиб бораяпмиз. Унинг асосий муаллифларидан бири сифатида чуқур, кенг қамровли изланишлар олиб боришимга тўғри келаяпти. Энциклопедияда асосий эътибор 36-37 йилларда қамоққа олинган инсонлар тақдирига қаратилаяпти. Кўпчилиги давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи-шоирлар, олимлар ва аксарияти ҳалигача бизга таниш бўлмаган шахслардир. Эндиликда уларнинг номларини ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришни мақсад қилганмиз.
– Қатағон қилинган адибларимиз орасида ўзбек романчилик мактабининг асосчиси дея эътироф этиладиган, ўзининг «Ўткан кунлар»и-ю, «Меҳробдан чаён» каби дурдона асарлари билан ўзбек адабиёти тарихида сўнмас из қолдирган, халқимизнинг кўнглидан чуқур жой олган ёзувчи Абдулла Қодирий ҳам бор эди. Адиб ҳаёти ва ижодини астойдил ўрганган олим сифатида бугун ўқувчиларингизга қандай янги маълумотлар тақдим эта оласиз?
– Абдулла Қодирийнинг бутун ҳаёти ва ижодига оид кўплаб ҳужжатлар, қўлёзмалар ва замондошлари асарларини ўрганишга муваффақ бўлдим. Мана шуларга асосланиб, Абдулла Қодирий энциклопедияси яратиш устида иш бошлаганмиз. Энциклопедияда биринчи навбатда, адибнинг атрофлича ҳаёти, ижтимоий-ижодий фаолияти, фақатгина йирик романлари эмас, балки кичик-кичик ҳажвий асарлари ҳақида маълумот берилади. Асарларининг қаҳрамонлари тўғрисида, уларнинг прототипи бор ёки йўқлиги каби мавзуларни ҳам қамраб олаяпмиз. “Ўткан кунлар” романида тасвирланган воқеалардан тортиб, Кумуш ва Отабекнинг қандай кийим кийгани-ю, ўша даврда Фарғонада тайёрланадиган таомлар, урф-одатлар каби кўплаб эътиборимизни тортадиган маълумотлар жамланади.
Бундан ташқари, китобда Абдулла Қодирий ҳақида замондошларининг хотиралари ҳам акс эттирилади. 1983 йилда Ҳабибулла Қодирийнинг «Отам ҳақида хотиралар» китоби чоп этилганини адабиёт аҳли яхши билади. Унда кўплаб адибларимизнинг фикр-мулоҳазалари, хотиралари берилган бўлса-да, Абдулла Қодирий билан суҳбатда бўлган яна бир қанча замондошлари хусусида маълумотлар келтирилмаган. Масалан, илгари бизда Аброр Ҳидоятовнинг Қодирий билан учрашгани, уларнинг суҳбатларига оид маълумотлар бўлмаган. Янги тайёрлаётган энциклопедиямизда таниқли театр ва кино актёри, режиссёр Турғун Азизов ва Аброр Ҳидоятовнинг қариндоши уйидаги йиғинда Абдулла Қодирий ҳам қатнашганлиги тўғрисидаги маълумотлар бор. Ўша учрашувда Аброр Ҳидоятовнинг айтган ашуласидан Абдулла Қодирий жуда таъсирланган экан.
– Жадид адабиётида замон қаҳрамони қандай инсонлар бўлган?
– Жадид адабиёти пайдо бўлгунга қадар асарларда кўпроқ хаёлий қаҳрамонлар гавдалантирилган. Бу ҳам балки ўша давр муҳити билан боғлиқ ходисадир. Жадидчилик адабиётига олиб кирилган замон қаҳрамони бирорта партиянинг аъзоси бўлмаган, бирор ташкилотнинг тор манфаатига хизмат қиладиган одамлар эмас эди. Улар сиз-у биз каби оддий инсонлар бўлган. Масалан, Чўлпоннинг «Доктор Муҳаммадёр» номли насрий асаридаги қаҳрамон Касбий денгизи атрофига бориб озгина ер олади. Тинимсиз ишлаб, Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўқийди, кейин Швейцарияга бориб, у ерда ҳам табиблик соҳасини эгаллайди. У чет эл адабиётларини таржима қилиб, ёзувчилик даражасига кўтарилиб, мамлакатига қайтиб келаётган пайтда ердан нефть чиқиб бойиб кетади. Буни орқасида прототип бор… Чўлпон Қўқонда Обиджон Маҳмудов, деган одам бўлганини яхши биларди. Обиджон Маҳмудов «Садойи Фарғона» газетасининг муҳаррири, ҳомийси бўлган. Ёшлигида акаси билан аразлашиб, Касбий денгизи атрофидаги кимсасиз ерларга кетиб қолади. Ўша ердан нефть кони топиб бойиб кетади. Чўлпон бу инсон билан кўришган, унинг уйида ҳам бўлган. Кейинчалик Обиджон Маҳмудов «Доктор Муҳаммадёр» асари қаҳрамонига прототип қилиб олинади. Шунингдек, Ҳамза ва бир қанча ижодкорлар асарларига ўқимишли, замонавий илмлардан хабардор қаҳрамонлар образини яратади. Асарларда жамиятда бўлаётган ўзгаришларни теран англайдиган, оиласи, фарзандларига яхши муносабатда бўладиган қаҳрамонлар пайдо бўлади. Жадидлар адабиётга олиб кирган бундай қаҳрамонлар ўша давр одами, қаҳрамони аслида қандай бўлиши кераклигини англатар эди. Ва улар жамият тараққиётига ҳисса қўшадиган зиёли инсонлар аслида орамизда, деган фикрни ифодалар эди.
– Ватанимиз мустақиллиги негизида жадидчилар ҳаракати ётади, десак муболаға бўлмайди. Халқ эркка, озодликка интилишининг асосий белгилари нималарда намоён бўлган эди?
– Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлиши бевосита XIX аср охири XX аср бошида юз берган ички ҳамда ташқи халқаро майдондаги ижтимоий-сиёсий вазият ва юз берган сиёсий воқеаларга боғлиқ жараёндир. Жадидчилик туркий халқлар, шу жумладан, ўзбек халқи тарихида янги саҳифани оча бошлаган ижтимоий ҳаракат бўлган. Жадидчилик миллат уйғонишининг ижтимоий намоён бўлиши эди.
Туркистон жадидлари ўлкада қарор топган мустамлакачилик, зулм, хўрлик, жаҳолат, қолоқлик, ижтимоий истибдоддан қутилиш, эркин ривожланишга эришиш маърифат орқали юз беришини яхши англаганлар. Улар ишни энг аввало маърифатчиликдан бошлаб, кенг халқ оммасини саводли қилишга, жаҳолат уйқусидан уйғотишга интилиб, янги усулдаги жадид мактаблари очди. Мунаввар қори Абдурашидхонов Исмоил Гаспиринскийнинг ўқиш ва ўқитиш, мадраса ва мактаб ислоҳотига оид фикрларининг Туркистондаги оташин тарғиботчиларидан бири эди. У 1901-1904 йилларда қримлик дўсти Расим Кишод ёрдамида Тошкентда “Усули савтия” мактабини очади. 1910 йилга келганда бундай мактаблар сони 10 тагача етади. Бу мактабларда тайёргарлиги анчагина жиддий бўлган истеъдодли ёшлар ўқитувчилик қилган. Мунаввар Қори эса 1907 йилда Туркистон ўлкасида биринчилар қаторида “Адиби аввал”, “Адиби соний”, “Ер юзи” (Жуғрофия), “Ҳавойижи диния” китобларини нашр эттирган.
Ўлка аҳолисини зиёли қилиш ҳаракати – янги усулдаги мактаблар, газета ва театрлар очиш жараёни жуда кўп маблағни талаб қилар эди. Кўпчилик бойлар ўз тинчлигини ўйлаб, бунга бош қўшмади. Бироқ, уларнинг орасида зиёли-ташаббускор бойлар ҳам бор эди. Масалан, Ойбек домланинг қайнотаси Сайидносир Миржалилов илмли ёшларни қўллаб-қувватлаган. Германияда ўқиётган талабаларга стипендиялар юбориб кўмак берган. Шунингдек, кўплаб китоблар нашр этилишидаги ҳомийлиги унинг зиёли, олижаноб киши бўлганидан далолат.
– Мустамлака зулми туфайли тараққиётдан орқада қолган жамиятни уйғотиш мақсадида юқорида айтганингиздек, жадидлар газеталар нашр эттирди, театр труппаларини тузди, янги мактаблар очди. Ўлканинг илғор саралаб олинган ёшлари Европага ўқишга жўнатилди. Афсуски, бу 70 дан ортиқ талабалар тақдири фожиа билан якунланди. Маълумотларга қараганда улар орасида хотин-қизлар ҳам бўлган экан. Совет ҳукумати ушбу йигит-қизлардан нима сабабдан бунчалик қўрқар эди ва улардан қутулиш пайига тушади?
– ХХ асрнинг 20 йиллари Бухорода халқ жумҳурияти ташкил этилди. Янги ҳаёт, янги орзу-интилишлар пайдо бўлди. Худди шу кезлари Туркистон ўлкасида буюк бир маънавий ҳаракат бошланди. Мустамлака зулми туфайли тараққиётдан орқада қолган Туркистон халқи замонавий илм-фан сирларини ўрганишга киришди. Шу мақсадда халқимизнинг энг салоҳиятли фарзандлари сараланиб Европанинг илғор мамлакатларига ўқишга юборилди. Бу тарихий ишга атоқли давлат ва жамоат арбоблари Файзулла Хўжаев, Мунаввар қори, Фитрат, Сайидносир Миржалилов, Чўлпон каби зиёлилар бош бўлган.
Юртимиздан борган етмишдан зиёд талаба Германиянинг турли шаҳарларида кимё, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, тарих, фалсафа, педагогика, генетика, инженерлик соҳаларида билим олди. Чунки Туркистон шундай мутахассисларга ниҳоятда муҳтож эди. Бу йигит-қизларнинг тарихий тақдири, умр йўллари, уларнинг бошидан кечирган ҳаёт синовлари бағоят ибратлидир.
«…22 йилнинг сўнгги ойларида Германияга келгач, яхши кутиб олиндик. Ҳар қандай немис бизни оиласига қўшиб олиш учун эшикларини очиб қўйди. Оддий муаллимдан бошлаб, дўхтири, профессори тил ўрганишимиз учун қўлидан келган ёрдамини аямади. Германлар дунёни севганлари каби Туркистонга ҳам жуда қизиқар эканлар. Кўзимиз билан кўрганимиз учун бу ерда, очиқ айтишимиз керакки, улар мамлакатимизни, тарихимизни, истиқболимизни бир туркистонликдан ортиқ биладурлар, танийдурлар. Юртимиз тўғрисида биз учун энг муҳим бўлғон китоблар ёзиб, бошқа тиллардан ҳам таржима қилғонлар. Яна биз учун унутилмас бир яхшилик қилдиларки, туркчамизни Овропа тиллари қаторига қўшдилар. Ўрта мактаб имтиҳонларида французча ёки инглизча ўрнида ўз она тилимизда синаб кўрдилар…», – дея талабалардан бири Германиядаги ҳаёти ҳақида фикрларини қайд этган.
ХХ аср 30-йилларининг бошида Бухоро ва Хоразм жумҳуриятлари аллақачон тугатилган. Зулм ва зўрлик, алдов ва маккорликка асосланган большевистик салтанат озодлик ва истиқлол ҳақидаги орзуларни қонга ботирди. Германияда ўқиб ноёб касб-ҳунарларни эгаллаб келган йигит-қизларнинг тақдири ҳам аянчли бўлди. Зеро, коммунистик тузум учун зиёли шахслар керак эмас эди. Йигирманчи йилларнинг ўрталарида Немис диёрида ўқиб уйларига қайтган талабаларнинг аксарият қисми қатағонга учради.
– Германияда ўқишни давом эттираётган иккинчи гуруҳнинг тақдири-чи?
– Улар бу мудҳиш фожиалардан хабар топиб, таҳликага тушди. Бухоро ҳукумати юбориб турган стипендиялар, ҳукумат жамияти томонидан берилаётган моддий ёрдамлар бутунлай тўхтаб қолди. Муҳтожлик, тушкунлик, мусофирлик азоблари, Ватан соғинчи уларни қийнар эди. Берлиндаги совет элчихонаси орқали уларни собиқ иттифоққа қайтариш учун тазйиқ бошланди. Туркистонлик талабалар шундай оғир шароитда ҳам таҳсилни тўхтатмай қийинчилик ва машаққатларни енгиб, ўқишни тугатади. Бироқ улар энди икки ўт орасида қолади. Ватанда уларни ҳам аянчли қисмат кутиб тургани муқаррар эди. Шунинг учун улар ёт элларда мусофир бўлиб қолиб кетишга мажбур бўлди. Изтироблар, иккиланишлар виждон азоби остида она юртни қўйиб, чет элларга, жумладан, тил ва дин жиҳатдан Ватанга яқин бўлган Туркияга бош олиб кетишга мажбур бўлади.
ХХ аср бошларида юраги соф орзу-умидлар билан тўлиб, олис Германияга илм ва бахт излаб кетган, Ватанига қайтгач бахтсизликка дучор бўлган йигит-қизларимиз орасида Марям Султонмуродова исмли қиз ҳам бор эди. Марям Германиядан қайтгач ”Гулистон” журналида ишлай бошлайди. Туҳмат-бўҳтонларга йўлиқади. Ноҳақ қамалиб, ўн йил ўтгандан кейин ўзининг Хоразмдаги олис қишлоғига қайтиб боради. У ерда ҳатто ҳамшираликка ҳам зўрға жойлашди. Ўша ерда хор-зор бўлиб ўлиб кетади.
Талабаларнинг маълум бир қисми Германияда қолади. Айримлари Туркия ва бошқа мамлакатларга ўтиб кетади. Ўша мамлакатларда машҳур олимлар бўлиб етишади. Масалан,
Тоҳир Чиғатой Туркиядаги таниқли олимлардан бири бўлган. Мустамлакачи золимлар эса бир кун келиб ўз инсоний ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиши муқарар бўлган бу ёш зиёлилардан шунчалик қўрқар эдики, уларни қувғин ва қирғинларга грифтор этди. Туркия, Германия ва бошқа чет элларда қолиб кетган талабалар гарчи илмий фаолият ва шахсий турмушда тўкис, фаровон ҳаёт кечирган бўлса-да, умр бўйи Ватан соғинчи билан ўртаниб яшади. Чунки улар дунёдаги тенгсиз бойликдан жудо бўлган эди.
Туркистонлик талабаларнинг аксариятининг тақдири афсуски, ҳалигача бизга маълум эмас. Уларнинг ҳар бирининг номларини тиклаш, тарихга муҳрлаш чин инсоний бурчимиздир. Умид қиламанки, бундай эзгу ишларга ёш олимларимиз, илмий изланиш олиб бораётган ёшлар ўз ҳиссасини қўшади. Зеро, мустақил юртимизда бунинг учун барча шароит етарли. Имкониятлар эшиги очиқ.

 

М.Қосимова, А.Мусаев, ЎзА