Жорий йилнинг 16-18 апрель кунлари мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда қатор вазирлик ва агентликларнинг кўмагида “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2024” 28-Тошкент халқаро тиббиёт кўргазмаси иш бошлади.

Ушбу тадбир Ўзбекистон тиббиёт жамоатчилиги учун ҳам муҳим воқеа ҳисобланади. Бу даволаш, касалликлар профилактикаси ва реабилитацияси учун замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва технологиялар намойиш этиладиган нуфузли профессионал платформадир.

– Бизнинг лапроскопик аппаратларимиз 4К тизимида аниқ ишлайди. Юқори аниқликдаги ҳиррургик ускуналаримиз беморни кесмасдан даволаш имконини беради, – дейди Қозон шаҳридаги Соғлиқни сақлаш муассасаси муҳандиси Сергей Шешегов. – Бизнинг компания ушбу тиббиёт бозорида 30 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Компаниямиз ҳар қандай турдаги лапроскопик ва эндоскопик ускуналарни етказиб беришга тайёр.

Салкам 30 йилдан буён ташкил этиб келинаётган ушбу кўргазма йилдан-йилга нуфузи ва қамрови ошиб бормоқда. Эътиборлиси, “Ўзэкспомарказ”нинг 4та павильони тиббиёт соҳасидаги энг сўнгги турдаги ускуналар ва жиҳозлар, илғор даволаш ва диагностика усуллари, тақдим этилаётган замонавий хизматлар билан соҳадаги барча йўналишларни қамраб олди.

– Бизнинг корхона Хитойда жойлашган. 60-70 нафар мутахассис ишлайдиган йирик қувват ҳисобланади.  Мен бу кўргазмада илк бор иштирок этмоқдаман. Асосий мақсадимиз ҳамкорлар топиш ва талабга қараб маҳсулот ишлаб чиқаришдир, – дейди хитойлик тадбиркор Лийли Пан.

– Ушбу кўргазмада 20дан ортиқ энг яхши клиникаларимизнинг хизматлари тақдим этилган, – дейди Россиянинг Волгоград вилояти Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси ўринбосари Виктория Тронева. – 37 йўналишда тиббий хизматлар кўрсатамиз. Бу акушерлик, онкология, стоматология, болалар реабилитацияси, травматология. Ушбу муассасаларимиз тиббиёт туризмини ривожлантириш лойиҳасида иштирок этади. Бизнинг тиббиёт кейинги йилларда тўлиқ модернизация қилинди ва онкологик клиникамиз Россиянинг энг етакчиларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишда барча хизматларни кўрсатади ва биз ўзбекистонликларга уларни тақдим этишга тайёрмиз.

Кўргазмада 21та мамлакатдан 310та компания иштирок этди. Улар ичида энг кўп қатнашганлари Хитой, Россия, Туркия, Корея Республикаси ва Германия давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

– Бизнинг компания кўргазмада роботлаштирилган нейро-ускунани тақдим этди. Бу айниқса инсультдан кейин беморнинг тез тикланишига ёрдам беради. Мижоз виртуал оламга кириб қолади ва ўз ҳаракатларини бошқаради. Натижада кейинчалик ўзи ҳаракатланади,  – дейди Россиянинг “Исток-аудио” компанияси сервис хизмати раҳбари Алексей Батарчук.

Айтиш керакки бу йилги кўргазмада асосий урғу маҳаллий фармацевтика соҳасида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга, шунингдек, илғор технологияларни жорий қилишга қаратилган. Иштирокчиларнинг ярмидан кўпи илк бор мазкур кўргазмада қатнашмоқда.

3 кун давом этадиган кўргазмада нафақат компаниялар ўртасида тенг манфаатли шартномалар имзоланиши, балки, лойиҳалар тақдимотлари, илмий –амалий семинарлар, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида маҳорат машғулотлари ўтказилиши режалаштирилган.

Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА