Президент Халқ қабулхоналари Беруний, Шуманай, Нукус ва Чимбой туманларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилган оммавий қабуллар платформаси Оролбўйининг энг олис, чекка ҳудудлари аҳолиси учун ўзларини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, раҳбарлар учун эса ўз соҳалари бўйича ҳудуддаги тизимли муаммоларни аниқлаш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари ҳар бир мурожаатда айтилган масалани шу соҳага дахлдор мутасаддилар иштирокида очиқ-ошкора, батафсил муҳокама қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди масъуллари уч кунлик қабулларда 139 та ариза-ю шикоятни кўриб чиқар экан, уларнинг 78 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 3 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди, 58 та мурожаатга жойида ечим топилди. Муаммоси ҳал бўлган инсонларнинг ўйларига, ҳис-туйғуларига, фикрларига қулоқ тутиб, инсон ниманики бой берса, шунинг қадрига кўпроқ етишига амин бўлдик. Аслида ҳам айбини тушуниб етган, қилмишига пушаймон одам ҳамиша ўзини кечиришига, унга яна бир имкон берилишига умид қилиб яшайди. Айни шу умид-ишонч қабулга бошлаб келган инсонларнинг ўзи ёки яқинларининг мурожаатлари синчиклаб ўрганилгач, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар, Беруний, Тўрткўл, Шуманай, Қўнғирот, Хўжайли, Нукус, Чимбой, Кегейли, Тахтакўпир туманлари судлари ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 59 та иш кўриб чиқилди, уларнинг барчаси – 59 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди. Яъни уларга ўз ҳаётини ўнглаб олиши учун яна бир имконият берилди, бу шартли озодликка чиқишнинг шарти эса битта – бошқа жиноят йўлига кирмаслик, ҳуқуқбузарлик содир этмаслик. Акс ҳолда, кейинги гал бериладиган жазо янада оғирроқ бўлади.

Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Беруний, Нукус ва Чимбой туманлари судларидаги суд мажлисларида кўриб чиқилган ишлар натижасида эса озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 44 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 5 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 1 нафар шахснинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси муддатидан олдин қисқартирилди.

Хоразмлик С.Саидназаровга жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 27.07.2015 йилги ҳукми бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасида кўрсатилган жиноятни содир қилгани учун 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланган эди. 2014 йилдан буён шу кунга қадар жазо муддатининг иккидан бир қисми, яъни 9 йил 6 кунини ўтаган, ўталмаган жазо муддати 8 йил 11 ой 24 кунни ташкил қилиб, қамоқ жазосини ўтаётган эди. Унинг жазони енгиллаштириш тўғрисидаги илтимосномаси судда кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди – қамоқ жазоси ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди.

Нукус туманида яшовчи Е.Жумабаев содир қилган автоҳалокат билан боғлиқ жинояти учун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган эди. Унинг жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги илтимосномаси судда кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 11 та алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди, ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбатлашилиб, 1 та оила яраштирилди, 1 та қарз ундириш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича тарафлар ўзаро келишувга эришди.

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро суди раиси ва судьясига  ташаккурномалар билдирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири