Қатарда давом этаётган “Qatar Masters Open” халқаро турнирининг иккинчи кунги беллашувлари мамлакатимиз шахматчилари учун омадли кечди.

Шиддатли баҳслар якунига кўра, Жавоҳир Синдоров қозоғистонлик Казибек Нагербекни, Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда ҳиндистонлик Шардул Гагарени, Жаҳонгир Воҳидов ҳиндистонлик Нитиш Белуркарни, Шамсиддин Воҳидов яна бир ҳиндистонлик шахматчи Ауди Амейяни, Муҳиддин Мадаминов эронлик Пархам Магсудлуни, Баҳром Баҳриллаев ҳиндистонлик Пранавни мағлубиятга учратди.

Юртимиз шахматчиларининг етакчиси бўлган Нодирбек Абдусатторов кутилмаганда эронлик Саид Халил Мусави билан дурангга эришди.

Мукофот жамғармаси 108 минг 250 АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг 2-тур ўйинларидан кейин 158 нафар шахматчининг 21 нафари 2 очко жамғарган ҳолда етакчиликка даъвогарлик қилмоқда. Улар қаторида ҳамюртларимиз Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва Баҳром Баҳруллаевнинг ҳам борлиги эътиборлидир.

Терма жамоамиз аъзоси Нодирбек Абдусатторов ҳамда 25 нафар шахматчи 1,5 очко билан ғолибликка даъвогарларни таъқиб қилмоқда. Шунингдек, 61 нафар шахматчи ҳозирча 1 очкога эга бўлиб турибди. Улар орасида ҳамюртларимиз Абдумалик Абдусаломов ва Саидакбар Саидалиев ҳам бор.

Бугун, 13 октябрь куни халқаро турнирнинг 3-турида Шамсиддин Воҳидов – Накамура, Касданов – Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев – Муҳиддин Мадаминов, Робби Кевлишивили – Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов – Баҳром Баҳруллаев ўртасидаги учрашувларда етакчи шахматчиларимиз иштирок этади.

Кўриниб турибдики, 31 давлатнинг 158 нафар маҳоратли шахматчилари қатнашаётган халқаро турнирнинг 3-турида 4 нафар шахматчимиз ўзаро рақобат майдонида дуч келмоқда. Нодирбек Ёқуббоев – Муҳиддин Мадаминов ва Нодирбек Абдусатторов – Баҳром Баҳруллаев қарама-қаршилигидаги баҳслар кўпчиликнинг эътибор марказидаги учрашув бўлса, Шамсиддин Воҳидовнинг турнирда етакчилик қилаётган америкалик Хикару Накамурага қарши дона суриши “Qatar Masters Open”нинг марказий “жанги” сифатида талқин этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 9 турдан иборат “Qatar Masters Open” халқаро турнири 21 октябрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА