Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Брифингда сўзга чиққан давлатимиз раҳбари Владимир Путиннинг Россия Федерацияси Президенти лавозимига қайта сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифларидан бири бўлган ушбу ташрифини Ўзбекистонга ва кўп миллатли халқимизга бўлган алоҳида муносабат ва ҳурматнинг, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражаси ва Ўзбекистон-Россия муносабатларини чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишнинг тасдиғи сифатида қабул қилаётганини таъкидлади.

– Россия Президентининг давлат ташрифи – бу, ҳеч муболағасиз, кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг янги даврини бошлаб берувчи тарихий воқеадир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти мазкур саммитга катта тайёргарлик кўрилганини алоҳида таъкидлади. Парламент вакилларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, икки давлат ҳукумат делегациялари ўртасидаги ўзаро ташрифлар самарали ўтди.

Апрель ойида Тошкентда “Иннопром” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, юзлаб янги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди.

Жорий ойда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари ҳам Россия ҳудудларидаги ҳамкорларида ташриф билан бўлдилар. Йирик муҳандислик-техник университетлар ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг конференциялари самарали ўтди. Айни кунларда Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари давом этмоқда.

Ҳар доимгидек анъанавий очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтган бугунги музокараларнинг натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.

Етакчилар икки томонлама кун тартибининг барча долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, делегация аъзоларининг асосий йўналишлар бўйича ҳисоботларини тингладилар, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Савдо-иқтисодий соҳада амалий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш зарурлиги борасида якдил фикрга келдилар. Келгусида 30 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш вазифаси қўйилди.

Давлатлар саноат кооперациясида жиддий илгарилаган. Музокаралар давомида энергетика, нефть-кимё, металлургия, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика ва инновацион тармоқлар бўйича аниқ лойиҳалар кўриб чиқилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, лойиҳалар портфели қарийб 45 миллиард долларни ташкил қилади. Бу галги ташриф доирасида 20 миллиард долларлик янги лойиҳалар бўйича келишувлар имзолангани алоҳида таъкидланди.

Президентимиз кооперацияни илгари суриш учун қўшма Инвестиция платформаси ташкил этилиши ҳақида эълон қилди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлигининг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Ҳудудлар форумини Президентлар раислигидаги Ҳудудлар кенгашига айлантириш бўйича келишувга эришилди, унинг биринчи мажлиси бугун бўлиб ўтади.

Давлат раҳбарлари энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Ўтган йили Россия табиий газини Ўзбекистонга етказиб бериш бошланган эди. Музокаралар давомида газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллий корхоналар негизида углеводородларни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди.

– Дунёдаги деярли барча етакчи давлатлар ўз энергетик хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини атом энергетикаси ҳисобига таъминламоқда. Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларида кооперацияни чуқурлаштириш бўйича аниқ режалар белгиланди.

Маданият ва санъат, туризм, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва спорт соҳаларида фаол алоқалар ва алмашинувлар давом эттирилади. Бугун ушбу устувор йўналишларда битим ва келишувлар тўплами қабул қилинди.

Жорий йилда Ўзбекистонда Россиянинг йирик маданий тадбирлари, жумладан, кино кунлари ўтказилади. Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари, кўргазмалар ва театрларимизнинг ижодий сафарлари бўлиб ўтади.

Етакчилар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш аҳамиятини қайд этдилар. Икки мамлакат етакчи университетлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида доимий мулоқот ва самарали шерикликни қўллаб-қувватладилар.

Муҳандислик кадрларини тайёрлаш бўйича қўшма ишлар бошланди. Бу мақсадда ташкил этилаётган Тошкентдаги Николай Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи Россия университетларининг ўн бешинчиси бўлади.

Миграция соҳасидаги ҳамкорлик масалалари музокараларнинг алоҳида мавзуси бўлди. Бу соҳада ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмлари бўйича келишувга эришилди.

Ташқи сиёсий идоралар ўртасида мунтазам маслаҳатлашувларни давом эттириш, минтақавий ва халқаро тузилмалар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида мулоқотни чуқурлаштириш муҳимлиги тасдиқланди.

Анъанавий ва янги таҳдид ва хатарларга, биринчи навбатда, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашиш бўйича ваколатли органлар ва махсус хизматлар ўртасида яқин ҳамкорлик масалалари Ўзбекистон ва Россиянинг диққат марказида қолади.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари музокаралар натижаларидан жуда мамнунлигини билдириб, россиялик ҳамкасбига ўзи билан Ўзбекистонга Россиянинг асосий вазирлик ва идоралари, субъектлари раҳбарларидан иборат нуфузли делегацияни олиб келгани учун миннатдорлик билдирди.

Россия Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомидаги сермазмун учрашувлар ва самарали натижалар икки томонлама дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, давлатлараро ҳамкорлик тарихида янги боб очишига ишонч билдирилди.