Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилди. Халқимизга юқори сифатли, замон талабларига тўла жавоб берадиган тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида марказнинг етук мутахассислари вилоятлардаги муассасаларга раҳбар этиб тайинланди.

Жумладан, марказнинг Самарқанд филиалига Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлим бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган тиббиёт фанлари доктори, профессор Миржалол Жўраев директор этиб юборилди.

Янги раҳбар бошчилигида филиалда кейинги беш ойда қандай ишлар амалга оширилди? Президент қарорида белгиланган вазифалар ижроси нечоғли бажарилмоқда? Кўрсатилаётган тиббий хизматдан аҳолининг кўнгли тўляптими?

Самарқанд вилояти матбуот уйида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида шу ва бошқа саволларга жавоб берилди.

Таъкидландики, вилоятда онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш борасида бир қатор йўналишларда иш олиб борилмоқда. Аввало, филиал мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, ўсма касалликлари профилактикаси ва хасталикни барвақт аниқлаш мақсадида барча шаҳар ва туманлардаги беморлар кўрикдан ўтказилди. Маҳаллаларда соғлом турмуш тарзи, тиббий маданият, саратон олди касалликлари ва саратоннинг илк босқичлари белгилари тўғрисида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Вилоятнинг 9 тумани тиббиёт бирлашмасида онколог хизмати юклатилган номутахассис ходимлар ўрнига филиалнинг малакали онкологлари ишга жойлаштирилди.

Саратон диагностикаси ва даволашнинг замонавий усуллари кенг жорий этилди. Натижада Самарқандда илк бор қизилўнгач саратони бўйича мураккаб жарроҳлик операцияси амалга оширилди. Меъда саратони бўйича кенгайтирилган гастрэктомия ва бир вақтнинг ўзида сунъий ошқозон ясаш амалиёти йўлга қўйилди. Ўпка саратони бўйича лоб ва пульмонэктомия жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Кўкс оралиғи ўсмалари бўйича кўкс орти ўсмаларини олиш бошланди.

Шу ва бошқа йўналишлар бўйича Самарқанд тиббиёти тарихида илк бор 62 юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди.

Бугунги кунда вилоят аҳолисининг саратон билан боғлиқ хасталикларни аниқлаш ва даволаш учун пойтахтга ёки хорижий давлатларга боришига деярли ҳожат қолмади. Барча тиббий муолажаларни филиалнинг ўзида кўрсатиш учун зарур шароит яратилмоқда. Жорий йилда гамматерапевтик, ангиограф аппаратлари, ультратовуш текшируви ускунаси ва бошқа замонавий жиҳозлар олинганидан сўнг нур терапияси ва бошқа мураккаб амалиётларни ҳам шу ерда бажариш мумкин бўлади.

Ўтган давр мобайнида филиалнинг 5 нафар ёш ходими Ҳиндистондаги BLK клиникасида онкологиянинг долзарб йўналишлари бўйича малака ошириб келди.

– Давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар туфайли Ҳиндистондаги клиникада тажриба ўрганиб келиб, Ўзбекистонда биринчи маротаба сут бези саратонида жарроҳлик амалиётидан сўнг кузатилиши мумкин бўлган лимфостаз асоратининг олдини олиш мақсадида лимфа-веноз анастомоз қўйишни йўлга қўйдик, – дейди филиал шифокори Соҳибжон Узоқов. – Ҳозиргача уч нафар беморда бу амалиёт муваффақиятли ўтказилди. Келгусида ушбу йўналишда илмий изланишларимизни давом эттириб, касалликни даволашнинг янги методларидан кенг фойдаланмоқчимиз.

Хорижда малака ошириб келган яна бир ёш мутахассис Парвина Зарипованинг айтишича, айни пайтда филиалда аъзо сақловчи операцияларни йўлга қўйишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бу кўкрак бези саратони билан оғриган беморларни самарали даволаш ҳамда уларга психологик ёрдам беришда муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилда филиалнинг яна ўндан ортиқ ходимини Туркиянинг “ACIBADEM” клиникасига, шунингдек, Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий марказига малака оширишга юбориш режалаштирилган. Бундан ташқари, Россия онкология илмий маркази
нинг морфология ва кимётерапия бўйича етук мутахассислари бир ой давомида Самарқанд филиалига келиб маҳорат дарслари ўтказади.

 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА