Ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактаби

Пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадиони олдидаги очиқ майдон ўқувчи-ёшлар, уларнинг устозлари, ота-оналари, ҳарбийлар билан гавжум бўлди. Бу ерда Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Миллий армиямиз ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида илк бор ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди.

Мустақиллик йилларида юртимиз ёшлари учун миллий армиямиз ҳақиқий ҳаёт мактабига айланди. Бу йиллар мобайнида ёшларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизими такомиллаштирилди, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш, армиямизни замонавий техника, қурол-аслаҳалар билан таъминлаш, Ватанимиз ҳимоячиларини маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Амалга оширилган ислоҳотлар Қуролли Кучларимиз сафини ҳар томонлама етук ҳарбий хизматчилар билан тўлдиришни сифат жиҳатидан яхшилаш имконини бермоқда.

11.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳар томонлама баркамол улғайишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу маънода таълим муассасаларида ватанпарварлик тарбияси йўналишидаги фанлар, машғулотлар жорий этилмоқда. Ҳарбий таълим йўналишидаги лицей ва коллежлар фаолияти такомиллашмоқда.

Эр йигит элга тортар. Ота-боболаримиз ҳамиша бу мақолга амал қилган. Ватани, азиз халқи озодлиги, юрт фаровонлиги учун курашган буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг сўнмас шуҳрати шундан далолат. Президентимизнинг 2017 йил 5 июндаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида бу ўз аксини топди. Фармонга мувофиқ Соҳибқирон бобомизнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилди.

17.JPG

– Бу мактабда ўқиш биз учун жуда фахрли, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Тошкентдаги “Темурбеклар мактаби” ўқувчиси Абдурашид Эркинов. – Бугунги тадбир қалбимизда ватанпарварлик туйғусини янада юксалтирди. Келажакда олий ҳарбий билим юртида ўқиб, ота-онам орзуидаги ҳарбий бўлмоқчиман. Халқимиз олдида ўз бурчимни фидокорона адо этишга астойдил ҳаракат қиламан.

Ўзгача шукуҳли тадбирда Тошкент шаҳри ва вилояти мактаблари, академик лицей ва коллежлардан келган 6 мингга яқин ўқувчи-ёш, 200 га яқин ҳарбий хизматчи қатнашди. Улар эътиборига 30 га яқин замонавий ҳарбий техника, қурол-аслаҳа, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув-спорт техник воситалари намойиш этилди.

9 (1).JPG

Ёшлар дала шароитида овқат тайёрлаш, тиббий хизмат кўрсатиш, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан фойдаланиш, фавқулодда вазиятлардан чиқиш йўллари, умуман, ҳарбий касб сир-асрорлари билан танишди.

Қуролли Кучлар академияси курсантларининг кўргазмали саф машқлари, қўл жанги бўйича намойишлари, Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли иштирокидаги куй ва қўшиқлар ёшларда катта таассурот қолдирди.

– Ҳарбий акаларимиз билан суҳбатлашдик, ҳарбий техника, қурол аслаҳалар билан танишдик, – дейди Чилонзор туманидаги 164-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Шавкат Рўзиев. – Бу бизда унутилмас таассурот қолдирди. Менда ҳарбий бўлиш истаги янада кучайди.

Бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. Улардан кўзланган мақсад Қуролли Кучларимиз фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик, қадриятларимизга, юртга садоқат руҳида тарбиялаш, ўз тақдирини Ватан тақдири, деб билган ёшларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини янада кучайтиришдир.

 

Улуғбек Асроров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА