Келгуси йилда Ўзбекистонда бунёд этиладиган кўп хонадонли уйлар сони 2017 йилдагига нисбатан икки баробар оширилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.Қўчқоров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида маълум қилган.

2018 йилда мамлакат бўйича жами 13 минг 900 хонадонга мўлжалланган 335 та кўп хонадонли уйлар қурилади. Унинг 42 таси ҳарбий хизматчилар оилаларига берилади.

Аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 336 та қишлоқ массивида 26 минг 932 та намунали уй-жойлар барпо этилади.

Вазирнинг таъкидлашича, бунинг ҳисобига 22 мингдан ортиқ уй-жойга эҳтиёжи бўлган оилалар, шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсияларига мувофиқ фаол ёшлар, 2736 нафар ҳарбий хизматчи, 1171 нафар профилактика инспектори ҳамда 974 нафар маҳаллий ижро ҳокимият органлари раҳбари уй-жой билан таъминланади.