Янги йил байрами арафасида, айниқса, болаларда пиротехника воситаларини сотиб олишга қизиқиш ортади.

Мутахассисларнинг фикрича, пиротехника воситалари тез ёнадиган моддалардан тайёрланган бўлиб, уларнинг деярли барчаси ёнғин чиқиш хавфи юқори бўлган буюмлар ҳисобланади. Бу эса инсон саломатлигига, жамоат тартиби ва фуқаролар мол-мулкига жиддий зарар етказиши мумкин.

Қашқадарё вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги “Марказий буюм савдо мажмуаси»да ёнғин ва фавқулодда вазиятларда зарур техника ва воситалардан фойдаланиш бўйича ташкил этилган кўргазмали тадбирда бу алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда портловчи ва заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш ишлари тизимли асосда йўлга қўйилган. Лекин шунга қарамай, юртимизга пиротехника воситаларини ноқонуний олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди.

Тадбир доирасида Қарши шаҳридаги “Нуристон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг олд йўлакларидаги саккизта сунъий тўсиқ олиб ташланди.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА