Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда сўнгги йилларда тест синовлари орқали олий таълим муассасалари бакалавриатига талабаларни қабул қилишда қатор камчиликлар кўзга ташланаётгани таъкидланади. Хусусан, “тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари, тест синовлари натижаларини эълон қилиш ва уни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Бу ҳол манфаатдор жамоатчиликнинг, айниқса, ота-оналарнинг тест синовларини ўтказиш жараёнларига ҳақли равишдаги эътирозларини келтириб чиқармоқда ва ҳар йили уларнинг ушбу масала юзасидан қарийб 4 мингдан зиёд асосли мурожаатлари келиб тушмоқда”, дейилади қарорда.

Шунингдек, қарорда тест синовларини ўтказишнинг моддий-техник таъминоти билан боғлиқ масалаларни ҳам бутунлай қайтадан кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланади. “Тест синовлари натижалари 2000 йилда харид қилинган 4 та оптик сканер орқали чиқарилиши, тест материалларини чоп этишга мўлжалланган офис техникаси (принтер ва компьютерлар) маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскириб кетганлиги оқибатида тест синовлари натижалари қарийб 15-20 кунга чўзилиб эълон қилиниши бугунги кун талабларига жавоб бермайди”, дейилади қарорда.