Ўзбекистонда жисмоний шахсларга такси хизматларини кўрсатишга рухсат берилиши мумкин

Президентининг «Ўзбекистон Республикасида йўналишли таксилар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасида ушбу жиҳатлар назарда тутилган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида йўналишли таксилар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан бошлаб:
• жисмоний шахсларга электрон платформа орқали операторлар билан шартномалар тузиш шарти билан якка тартибдаги тадбиркор сифатида тўрт йўловчи ўрнидан ортиқ бўлмаган сиғимли енгил автомобилда йўловчи ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилади;
• йўналишли таксида йўловчиларнинг тижорат ташувлари билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларга лицензия (лицензия карточкалари) бериш учун давлат божи юридик шахслар енгил автомобиллари учун белгиланган ставкадан бир ярим баробар ортиқ миқдорда тўланади;
• қонунчилик билан талаб этилувчи рангни йўналишли таксига бўямаган ҳолда бериш учун мустақил ёпишувчи материаллар тегишли схема бўйича шахмат композициясини қўллаш орқали эшиклар, олд капот ва багаж қисми юзасига ёпиштирилади.
Шу билан бирга, йўловчиларни йўналишли таксида тижорат ташувлари билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар қуйидагиларга мажбур бўлади:
• ташқи ва ички безак ҳамда экипировка, йўналишли таксиларнинг ягона белгилари билан жиҳозлаш бўйича талабларга риоя этиш (махсус рақам белгиларидан ташқари);
• буюртмалар (мурожаат)ни қайд этиш функциялари, тўлов терминаллари, таксометр ҳисоблагич, радиоалоқа қурилмаси ва сафар суммаси бўйича йўловчиларга мажбурий маълумот беришни таъминлайдиган махсус иловалардан фойдаланиш;
• Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан белгиланган тартибда рейсдан олдинги кўрикдан ўтказиш бўйича ихтисослашган жойларда рейсдан олдин тиббий кўрик ва автомомобилнинг техник кўригини таъминлаш;
• Шунингдек, йўналишли такси сифатида фойдаланишга мўлжалланган енгил автомобиллар ижарасини нотариал тасдиқлаш тўғрисидаги талабни бекор қилиш режалаштирилмоқда.
Йўналишли таксиларида йўловчиларни ташиш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга аэропортлар, вокзаллар, автостанциялар, савдо марказлари, шунингдек, маҳаллий ўзини ўзи бошқари органлари юритувида бўлган марказий бозорлар автотураргоҳларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

 

ЎзА