Меҳмон Самарқанддаги Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Буюк Юртбошимиз қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Чеченистон раҳбари Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва бошқа диққатга сазовор жойларни томоша қилди.

Буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуаси зиёрати Рамзан Қодиров учун юртимизга ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Меҳмонлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан айни пайтда мажмуа яқинида бунёд этилаётган Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази лойиҳалари билан танишди.

Шу куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бошчилигидаги делегация аъзолари Бухорода ҳам бўлди.

Хорижлик меҳмонларнинг сафари Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси зиёратидан бошланди. Улуғ пир қабри ёнида Қуръон тиловат қилинди.

Шунингдек, меҳмонлар Бухоро шаҳридаги қарийб 500 йиллик тарихга эга Мир Араб мадрасасига ташриф буюрди. Бу ерда 72 йилдан буён ўрта махсус ислом билим юрти фаолият кўрсатмоқда.

Шунинг билан Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди.

 

Ғолиб Ҳасанов, Эркин Ёдгоров, ЎзА