Ўзбекистонда 18-19 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раҳбарлигида 2018 йил август ойида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги, 18-19 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини ташкил этиш ва Қурбон ҳайитини нишонлашга тайёргарлик кўриш, уни муносиб ўтказиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, 18-19 август кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашарини муносиб ташкил этиш билан боғлиқ масалага тўхталиб ўтилди.
Мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллиги ва Қурбон ҳайити байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига алоҳида дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, ёшларимизни юксак инсоний туйғулар руҳида ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, маҳаллалар, аҳоли турар-жойларини ободонлаштириш ва республиканинг барча ҳудудларида санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 2018 йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойи деб эълон қилинди.
Ҳашар кунлари аҳоли, айниқса, ёшлар онгида “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган ғояни чуқур сингдириш, ўз уйини, маҳалласини, иш жойини тоза, озода сақлаш, обод бўлишига ҳиссасини қўшиш, бу жараёнларга маҳалла аҳолиси, корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимларини уюшган ҳолда, жамоа бўлиб иштирок этишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда таъкидланганидек, ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ, қабристон ва муқаддас қадамжоларни тартибга келтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Баъзи қабристонлар ва зиёратгоҳлар ачинарли аҳволга тушиб қолганлиги, тартибга келтирилмаганлиги, шунингдек, баъзи хиёбонлар, дам олиш ва истироҳат боғларининг аҳволи талабга жавоб бермаслиги танқид қилинди. Бунинг учун аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш зарурлиги айтилди.
Қайд этилганидек, жорий йилда ариқлар, дарё ва сув ҳавзалари атрофларини тозалаш ишларига катта эътибор берилмоқда. Ҳашар кунлари республикамизнинг барча ҳудудларида каналлар, ариқлар, зовурлар атрофини махсус техникалар жалб этган ҳолда тозалаш ишларини ташкил этиш юзасидан жойлардаги ҳокимликларга топшириқлар берилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш бўйича ҳам зарур топшириқлар берилди. Умумхалқ хайрия ҳашари қатнашчиларини зарур техника воситалари ва анжомлар билан таъминлаш кераклиги айтилди. Ички ишлар вазирлигига умумхалқ ҳашари кунлари жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифалар берилди.
Йиғилиш давомида Қурбон ҳайитини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни муносиб ўтказиш масалаларига тўхталиб ўтилди. Жумладан, ҳайит намози вақтида жамоат тартибини сақлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтилди.
Қурбон ҳайити муносабати билан ҳайит намози ўқиладиган 2 мингга яқин масжидларда, 8,5 мингдан ортиқ муқаддас қадамжоларда, қабристонларда, шунингдек, истироҳат боғлари, бозорлар ва одамлар гавжум бўладиган жойларда аҳоли учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш талаб этилади.
Қурбон ҳайитининг жойларда кўтаринки руҳда, тартибли ва халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда байрамона ўтишини таъминлаш лозимлиги, намоз ўқиладиган масжид ҳудудида автомобиль қатновини чеклаш, автотураргоҳларда хавфсизлик чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.
Бозорларда савдо хизматини юқори савияда йўлга қўйиш, нарх-наво сунъий равишда ошишининг олдини олиш тадбирларига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Меҳрибонлик, Мурувват, Саховат уйлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш, меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат эканлиги таъкидланди. Ушбу муборак байрамни муносиб нишонлаш бўйича аниқ топшириқ ва вазифалар берилди.

 

Н. Насриев, ЎзА