“Ақчадарё” – дунёдаги энг узун коллектор 

“Ақчадарё” коллектори дунёдаги энг узун коллектор ҳисобланади. Коллекторнинг узунлиги – 193 км ва секундига 30-35 кубометр сув ўтказади. Ушбу коллектор 2004-2013 йиллар даврида Жаҳон Банки томонидан “Ўзбекистон дренаж лойиҳаси” асосида қурилган. Лойиҳа асосида 241,93 километр магистрал коллекторлар ва 1903,4 километр хўжаликлараро коллекторлар тизими қайта реконструкция ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманлари (Турткўл, Элликқалъа, Беруний)нинг жами 100 минг гектар суғориладиган майдонларининг йилига ўртача 800 миллион м3 зах сувларини ҳудуддан олиб чиқиб кетувчи “Ақчадарё” коллекторининг қурилиши 2013 йилда тугатилиб, коллектор сувлари “Жанадарё” (Жанадарё – Амударёнинг эски ирмоғи – ҚХА) дарёсининг эски ўзани орқали Орол денгизининг қуриган жойига (Катта Оролга – ҚХА) чиқариб ташланади.

Лойиҳа амалга оширилмасдан аввал насос станцияси орқали “Амударё” дарёсига тушиб турган зах сувлар “Бош жанубий” коллектори орқали “Ақчадарё” коллекторига ўзи оқар йўли билан лойиҳа қилиниб, дарёга тушиб турган зах сувлар мутлақо тўхтатилди. Натижада Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманлари (Турткўл, Элликқалъа, Беруний)нинг жами 100 минг гектар суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига ҳамда сизот сувларнинг ҳудуддан бетўхтов чиқиб кетишига замин яратилди.

Бундай самарали тадбирлар бўйича 2017 йилда жами 2056,8 километр узунликдаги мелиоратив объектларда 46 миллиард 36,3 миллион сўмлик қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда тиклаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада ҳудудлардаги сизот сувларнинг сатҳи пасайиб, зах сувларнинг ҳудуддан олиб чиқиб кетилиши яхшиланади, тупроқларнинг шўрланиш даражаси пасайиб, жами 68 минг 300 гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиланиши кутилмоқда. 2017 йил 1 август ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 28 миллиард 279,8 миллион сўм Давлат маблағи эвазига умумий 1491,1 километр узунликдаги коллекторларда қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилди.

2018-2022 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Даслат дастурини шакиллантириш бўйича 1023,8 километр 119 миллиард 220 миллион сўмлик қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ҳамда 11173,8 километр 136 миллиард 507 миллион сўмлик таъмирлаш ва тиклаш ишларини бажариш режалаштирилган. Ушбу кўламли ишлар амалга оширилса 472020 гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилади. Бу эса Қорақалпоғистон мелиоратив экспедицияси ходимларининг иш тажрибасини янада ошириб, уларни ёш ходимларга ўргатиб бориш, шундай қилиб олдига қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажаришга хизмат қилади.

 

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси