ХIХ асрда Ўзбекистоннинг Устюрт кенгликларида кўп сонда учраган туркман қулонлари (илмий тилда лот. Equus hemionus onager, яъни онагр деб номланади, юнонча onos-эшак, agros-дала) ХХ асрнинг 30 йилларига келиб бутунлай қирилиб-йўқолиб кетган эди.

Қулон Халқарао табиятни мухофаза қилиш уюшмасининг Қизил китобига, Йўқ бўлиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро тижорати тўғрисидаги Конвенциянинг (СИТЕС) Иловасига (CITES – ингл. Convention on International Trade in Endangered Species of Wild Fauna and Flora) ва Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига ёввойи табиятда йўқолиб бораётган ҳайвонот тури сифатида киритилган.

Қулонлар Устюрт чўлларида ва яримчўлларида озиқланади. Ёзда асосан кичик тўдаларда сувлоқларда учрашади, қишда эса катта тўдаларда чўл бўйлаб кўчиб юради.

2014 йилда ёзда олимлар Қорақалпоғистоннинг Туркманистон билан туташган шимолий-ғарбий чегарасида 9 қулондан иборат тўдани аниқлади.

Бу ҳақида ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлими профессори, биология фанлари доктори Светлана Мамбетуллаева шундай дейди:

— Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўсимликлар ва ҳайвонотлар дунёси генофонди томонидан ташкиллаштирилган экспедицияда Ўзбекистон учун  биринчи маротаба қоракалпоқ Устюртининг жанубий-ғарбий томонида қулоннинг мавжудлиги аниқланди. Қулонларнинг Қорақалпоғистонда қайтадан пайдо бўлиши муҳим аҳамиятга эга янгилик. Маълумки, Орол денгизининг қуриши билан оғир экологик вазият оғирлашди, офатчилик оқибатида Оролбўйи ҳудудида биохилма-хиллик йўқолиб кетди. Лекин, кейинги пайтлари давлатимизда сув ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш натижасида ҳудудда бирняа ветландлар, ясалма сув ҳавзалари пайдо бўлди. Бу ўз навбатида биохилма-хилликнинг ривожланишига сабабчи бўлмоқда. Ҳукумат томонидан ноқонуний овга кескин тўсиқ қўйилиши ҳам ёввойи фаунанинг ривожланишига ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Айнан қулонларнинг юртимизга келиб бошлаши асосан шу икки еки факторга боғлиқ.

Қулонларнинг сонининг ортишига яна бир сабаб Туркманистон билан Ўзбекистон территорияси (Қорақалпоғистон) чегарасига аҳоли яшаш пунктларининг узоқлиги, йўлнинг мураккаблиги ҳамда чегара режимининг сақланишидир. Ҳозирги қулонлар яшаётган ҳудудга одамлар бориши анча мушкул. Қулонларни қатъият билан мухофаза қилишимиз керак, уларнинг бош сонини кўпайтиришимиз керак. Қулонларни сақлаш учун уларнинг яшаш ўрни шароитини, озуқа-ем базасини яхшилаш даркор ва табийий душманларидан, браконьерлардан ҳимоя қилиш бўйича доимий мониторинг олиб боришимиз керак. Оролбўйи ҳудудида, хусусан, Барсакелмес, Шахпахти, Асаковдон пастликларида қўриқхона ва заказниклар ташкил қилиш зарур.

Қулонларнинг мавжуд эканлигини Сариқамиш кўлидаги хўжаликларнинг балиқчилари ҳам тасдиқлайди. Уларнинг билдиришича, ҳудудда қулоннинг 20 особдан иборат тўдаси тез-тездан кўзга ташланади.

Бутунжаҳон Ёввойи Табият Фонди (WWF), Германиянинг DAAD ташкилоти молиялаштируви билан Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги Бош Бошқармаси ва Михаэл Зукков Фонди  (Германия) ҳамкорлигида 2012-2014 йилларда қорақалпоқ Устюрти ва шимолий Сариқамиш ҳавзаси ҳудудида ўтказилган экспедиция ишлари натижасига кўра (бу иш билан www.naturalresources-centralasia.org сайти орқали танишишингиз мумкин) бу ҳудудларда табиятда тўлиқ йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган Устюрт архарларининг, Устюрт жайранларининг, бўрсиқларининг, туркман қулонларининг яшашини маълум қилади ва уларни расмга олишга муяссар бўлади (Қуйида ушбу Экспедиция давомида туширилган фотоларни эътиборингизга ҳавола қиламиз).

2012-2014 йилларда қорақалпоқ Устюрти ва шимолий Сариқамиш ҳавзаси ҳудудида ўтказилган экспедицияда олинган расмлар 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг