Хавотирга асос борми?

Дунё аҳолиси сони, 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, 7,4 миллиарддан ошиб кетди. Нуфус жиҳатидан ҳамон Хитой (1,399 млрд.) етакчилик қилиб келмоқда. Иккинчи ўринни Ҳиндистон (1,35 млрд.га яқин) банд этган. Уни АҚШ (326,6 млн.) таъқиб қилиб келмоқда.
Ҳиндистон ҳадемай нуфус жиҳатидан дунё етакчиси – Хитойни қувиб ўтиб кетиши кутиляпти.
Ўтган давр мобайнида социолог олимларнинг: “Туғилишни чеклаш лозим”, деган ташвишли фикр-мулоҳазалари жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинмоқда.
Ҳатто яқин-яқингача аҳолиси сони ҳижатидан дунёда етакчи давлат — Хитойда бир оила фақат битта фарзанд кўриши мумкин, деган ғайриоддий қоида бор эди. Чинликларнинг кўплаб эътирозлари ҳамда бошқа объектив ва субъектив сабаблар туфайли бу қоидага барҳам берилди.
Аслида мутахассисларнинг ташвишли мулоҳазалари кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу муаммо бир неча асрдан бери нафақат олимларни, балки ишлаб чиқариш манбаларининг камлиги ва Ер куррасида табиий захираларнинг тугаб бораётганидан хабардор ҳар бир кишини ўйлантиради.
Олимлар: «Агар аҳоли сонининг мунтазам кўпайиб бориши олди олинмаса Ер юзи башариятга торлик қилиб қолади, кундалик эҳтиёжларни қоплаш имкони бўлмайди» дейишади.
Мутахассислар аҳоли сонининг ортиши уй-жой, озиқ-овқат муаммоси билан бир қаторда, электр энергияси танқислиги ва атроф-муҳитнинг ифлосланишидан ҳам хавотирдалар. Шу боис туғилишни чеклаш керакми-йўқми, деган масала йирик халқаро анжуманларда тез-тез кун тартибига қўйилмоқда.
Туғилишни назорат қилиш илк бор XVIII аср охирларида Европада бошланган. Инглиз иқтисодчиси Малтус, кейинчалик франциялик олим Франц Плэс туғилишга чегара қўйиш таклифи билан чиққанлар. 1833 йили америкалик табиб Чарлз Нортон ҳам буни қўллаб-қувватлаган.
Бу олимлар аҳоли кўпайишини геометрик тарзда (2,4,8,16,32…), озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайиб боришини эса арифметик тарзда (1,2,3,4,5…) кўрсатишган. Улар аҳоли сони тўсиқларга учрамай ортиб борса, йигирма беш йилдан кейин икки марта, бир асрдан кейин икки юз эллик олти марта кўпаяди, нуфус билан озиқ-овқат манбалари орасидаги номутаносиблик кескин ортади, деб ўйлашган.
Тарихий ҳақиқат шуки, инсон насли ҳеч қачон Малтус ва Франц Плэс айтганидек, геометрик тартибда кўпаймаган. Аниқ рақамларга мурожаат қилсак, милодий тақвим бошида 200 миллион кишини ташкил этган дунё аҳолиси 1300 йилларга келиб 500 миллион, 1804 йилда бир миллиард, 1927 йили икки миллиард, 1959 йили уч миллиард, 1974 йили тўрт миллиард, 1987 йили беш миллиард, 1999 йили олти миллиард ва 2011 йил 31 октябрь куни етти миллиардга етгани расман эълон қилинди ва кўпчилик етти миллиардинчи бола Россияда туғилгани ва уни БМТ мутасаддилари «тилла бола», деб эълон қилганини шодиёналик билан кутиб олган бўлса-да, аммо «етти ўлчаб бир кесадиган» иқтисодчи ва социолог олимлар бу воқеани унча хушлашмай қарши олишди. Сабаби, аҳвол шу зайлда давом этадиган бўлса, 2100 йилга бориб сайёрамизда 15 миллиард одам ўзаро муросаю мадора қилишга мажбур бўлади.
Бизнингча, аҳоли нуфузининг бу тариқа ортиб боришидан фожиа ясаш шарт эмас. Чунки инсоният туғилишга эътибор қаратгани билан ўлимни камайтиришнинг уддасидан чиқа олмаяпти.
Озиқ-овқат воситалари ҳам арифметик тартибда ошмайди.
Қадимда кишиларнинг озиқ-овқати, асосан, сув, ўсимликлар ва ҳайвонлардан иборат эди. Ҳозир бошқа жуда кўп манбалар бор. Инсон насли кўпайгани сайин ҳаётини муҳофаза қилиш учун янги-янги ризқ манбаларини излаяпти, эҳтиёжларини қондириш учун турли усуллардан фойдаланяпти.
Шунингдек, аҳоли сони ортиши билан бирга, ишчи кучининг кўпайишини ҳам назардан қочирмаслик керак.
Иқтисод илмига кўра, ишлаб чиқаришнинг уч асосий унсури бор: табиат, сармоя ва инсон. Инсон бу унсурларнинг энг улуғи ва муҳим аҳамиятга молигидир. Аҳоли сони ортишидан хавотирга тушаётганларнинг ишлаб чиқаришдаги ўрнини эътиборга олмай, унга фақат истеъмолчи сифатида қарашади. Ҳолбуки, инсоннинг Ер юзидаги тараққиёт ва яшаш шароитини яхшилашга қўшган ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Нуфузнинг ортиши аслида инсонларнинг яхшироқ ишлашни тақозо этадиган омиллардан биридир. Эҳтиёжлар инсонни тараққиёт учун янги-янги ихтиролар қилишга ундайди. Бугун инсон денгиз тубларидан ва фазодан ризқини ахтармоқда.
Умуман, дунё аҳолиси кўпайишига мувофиқ тарзда Ер юзида ризқ воситалари ҳам ортаётир.
Ер юзи ва коинотдаги мавжуд мувозанатни ҳеч ким инкор этолмайди. Ер куррасида яшайдиган барча махлуқот сонида чегара ва мувозанат мавжуд. Масалан, «Sismibrium Sophia» номли дарахт йилига етти юз эллик мингта уруғ сочишига қарамай, Ер юзини босиб кетаётгани йўқ. «Денгиз юлдузи» балиғи бир мартада икки юз миллионгача уруғ қўяди. Лекин денгизларни айни шу балиқлар эгаллаб олмаган, яъни мувозанат бузилмаган.
Башарият ҳам ушбу илоҳий низомдан четда эмас.
 
Толибжон Низомов,
Журналист

 

ЎзА