Комил Тўхтаев ХХIII қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини кўтаради

Жорий йилнинг 9-25 февраль кунлари Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида ХХIII қишки Олимпия ўйинлари бошланади.

Унда дунёнинг 90 давлатидан 6.500 нафардан ортиқ спортчи 15 та қишки спорт турлари бўйича ғолиблик учун рақобатлашади. Олимпия ўйинларида мамлакатимиз шарафини фигурали учиш баҳсларида Миша Ге ва тоғ чанғиси бўйича Комилжон Тўхтаевлар ҳимоя қилади.

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Олимпия ўйинларида иштирок этадиган делегациямиз аъзоларини кузатиш маросими ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Қосимов, бош котиби Ж.Матжонов сўзга чиқиб, ХХIII қишки Олимпия ўйинларида спортчиларимизга омад ёр бўлишини ва нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этишларига тилак билдирди.

Шунингдек, мазкур Олимпиаданинг очилиш маросимида Комил Тўхтаев Ўзбекистон байроқдори бўлиши ҳақида эълон қилинди.

winter2.JPG

– Менга Ватанимиз байроғини кўтаришдек, шарафли вазифани ишониб топширилганидан хурсандман, Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этишга бор куч-ғайратим билан ҳаракат қиламан, – дейди К.Тўхтаев. Умид қиламанки, ўзимга билдирилаётган ишончи оқлайман.

ХХIII қишки Олимпия ўйинларида спортчиларимиз билан бир қаторда фигурали учиш бўйича халқаро тоифадаги ҳакам Саодат Нуманова, 8-18 март кунлари ўтказиладиган қишки Паралимпия ўйинларида Ёқутхон Холбекова чанғи пойгаларида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, Миша Ге 2017 йил Финляндиянинг Хелсинки шаҳрида фигурали учиш бўйича ўтган жаҳон чемпионатида Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган бўлса, Комил Тўхтаев Италиядаги халқаро мусобақада Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА