Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Замонавий шароитларда жаҳон фани ва инновация фаолиятининг ютуқларидан кенг фойдаланиш жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини изчил ва барқарор ривожлантиришнинг, мамлакатнинг муносиб келажагини барпо этишнинг муҳим омили бўлиб бормоқда.
Ўтган даврда фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасида зарур инфратузилма яратилди, муайян интеллектуал ва технологик салоҳият шакллантирилди.
Шу билан бирга, қуйидаги тизимли муаммоларнинг мавжудлиги, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун мавжуд имкониятлар ва салоҳиятдан етарлича фойдаланмаслик кўзланган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига ҳамда мамлакатнинг жадал инновацион ривожланишига тўсқинлик қилмоқда, хусусан:
биринчидан, давлат дастурларини ишлаб чиқишда замонавий фан ва инновацион технологияларнинг ютуқлари ва ривожланиш тенденцияларини лозим даражада комплекс таҳлил қилиш ва ўрганиш мавжуд эмас, бунинг оқибатида мазкур дастурлар аксарият ҳолатларда муаммоларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳамда узоқ муддатли ривожланиш масалаларини ҳал этмаяпти;
иккинчидан, фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этишнинг ҳозирги аҳволи инновацион ғоялар ва ишланмаларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва амалий жорий этиш учун лозим даражадаги шароитларни таъминламаяпти;
учинчидан, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни стратегик прогноз қилиш, қўллаб-қувватлаш ва жорий этишни таъминловчи ягона органнинг мавжуд эмаслиги, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасаларининг тарқоқ ҳолда фаолият кўрсатиши фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ интеграциялашишига имкон бермаяпти, бу эса ўтказилаётган изланишларнинг самарадорлигини пасайтирмоқда;
тўртинчидан, юқори технологиялар, ноу-хау ва замонавий ишланмаларни биринчи навбатда жорий этишни талаб қилувчи устувор соҳа ва тармоқларни аниқлаш бўйича фаолиятни ташкил этишдаги камчиликлар технологик қолоқликка ва инновацион товар (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқаришнинг чекланганлигига олиб келмоқда;
бешинчидан, илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш ҳамда инновацион ғоялар ва ишланмаларни жорий этишда алоҳида ҳолатлардаги тор идоравий манфаатларнинг устунлик қилиши бюджет маблағларидан нооқилона фойдаланишнинг сабабларидан биридир;
олтинчидан, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни амалга оширишда давлат-хусусий шерикликни татбиқ этишга, шунингдек, инновацион маҳсулотларни жорий этиш учун инфратузилмани такомиллаштиришга етарли эътибор қаратилмаяпти;
еттинчидан, инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва жорий этиш соҳасида юқори тажриба ва салоҳиятга эга бўлган хорижий (халқаро) ташкилотлар билан ҳамкорлик, шунингдек, улардан бутун мамлакат фани, саноати ва иқтисодиётини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда фойдаланиш паст даражада сақланиб қолмоқда.
Мазкур ҳолатлар инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш соҳасида давлат бошқарувининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришни талаб қилади.
Илғор хорижий тажриба, жаҳон фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал инновацион ривожлантиришни таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланишининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишнинг узоқ муддатли сценарийлари асосида устувор соҳа ва тармоқларни инновацион ривожлантиришнинг келажакдаги моделларини шакллантириш имконини берадиган стратегик режалаштириш тизимини яратиш;
давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва соддалаштиришни, давлат бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишни таъминлайдиган давлат бошқарувининг инновацион шаклларини жорий этиш;
ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий салоҳиятининг барқарор ўсиши, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлиги юксалиши учун зарур шароитларни таъминлашга қодир бўлган фан ва инновация фаолиятини ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш;
инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш, уларнинг янада ривожланишини таъминловчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини, энг аввало, ёш авлоднинг ижодий ғоялари ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, шунингдек, ушбу фаолиятда иқтидорли ёшлар фаол иштирок этиши учун қулай шароитлар яратиш;
мамлакатимиз илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг истиқболли ютуқларини тарғиб қилиш ва жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, шу жумладан илмий-экспериментал ихтисослаштирилган лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, технопарклар ва бошқа инновацияга йўналтирилган тузилмаларни, хусусан, чет эл инвесторлари иштирокида ташкил этиш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
табиатни муҳофаза қилиш, ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни, жумладан, муқобил энергия манбаларини, сувни тозалаш ва чучуклаштириш, ундан оқилона фойдаланишнинг замонавий шаклларини кенг қўллаш орқали фаол жорий этиш;
соғлиқни сақлаш соҳасида касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика қилиш, ўз вақтида ва самарали даволашга имкон берувчи илғор технологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва соғлом авлодни тарбиялашга қаратилган комплекс тизимни яратиш;
аграр соҳага инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни, шу жумладан ишлаб чиқариш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи қишлоқ хўжалиги экинларининг янги селекция навларини тарғиб қилиш;
иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини ҳар томонлама ривожлантиришни таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация, саноат ва бошқа инновацион технологияларни жадал жорий этиш;
инновация фаолияти соҳасида илғор хорижий (халқаро) ташкилотлар билан, шу жумладан уларни ноу-хау, нанотехнологиялар ва юқори технологик товар (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқаришнинг маҳаллий бозорига жалб қилиш орқали ҳамкорликни кенгайтириш.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади);
Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
а) давлат ва жамият қурилишига инновацияларни жорий этиш соҳасида:
инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқишни, давлат ва жамият бошқаруви тизимини ривожлантириш, давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган илмий тадқиқотларни ўтказишни ташкил этиш;
давлат-хусусий шериклик механизмларини, энг аввало, инфратузилма объектлари ва ресурслар энг кўп сарф қилинадиган тармоқларда кенг жорий этишга кўмаклашиш;
долзарб муаммоларни, энг аввало, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли билан ўзаро ҳамкорлигининг инновацион ёндашувларини ишлаб чиқиш;
жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
б) иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш соҳасида:
мамлакатимиздаги инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни тарғиб қилиш ва улардан амалий фойдаланишнинг механизмларини шакллантириш, бозорнинг тез ўзгарувчан жаҳон конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш;
атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини пасайтириш имконини берувчи экологик тоза технологияларни қўллаган ҳолда унумдорликни оширишни назарда тутадиган “яшил иқтисодиёт” технологияларининг принципларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашиш;
республика инновацион салоҳиятининг, эркин иқтисодий ва кичик
саноат зоналари, технопарклар, шунингдек, логистик хаблар фаолияти самарадорлигининг ўсишига фаол кўмаклашиш;
макроиқтисодий, солиқ-бюджет, пул-кредит параметрлари, шунингдек, интеграция жараёнларининг иқтисодиётга таъсирини баҳолаш билан ўзаро боғлиқликда иқтисодиёт тармоқларини ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш сценарийларини шакллантиришга кўмаклашиш;
хизматлар соҳасини тубдан такомиллаштириш, энг аввало, инновацион ишланмалар ва технологияларни жорий этиш ҳисобига уларнинг сифатини ва ялпи ички маҳсулотни шакллантиришдаги ролини ошириш;
инновацион ёндашувлар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали туризм соҳасининг рақобатбардошлигини тубдан ошириш бўйича таклифлар киритиш;
инновацияларни жорий этиш ва ҳудудлар иқтисодиётини диверсификация қилиш кўламини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан орқада қолган туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш ҳисобига ҳудудлар иқтисодий тараққиётидаги номутаносибликларнинг олдини олиш;
в) қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш соҳасида:
энг аввало, мавжуд ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини берувчи “Ақлли қишлоқ хўжалиги” концепциясига асосланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг замонавий синалган шаклларини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш;
аграр секторда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини максимал даражада автоматлаштириш, ҳосилдорликни жиддий ошириш ва молиявий кўрсаткичларни яхшилаш, шунингдек, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини берувчи инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини, шу жумладан йирик ритейлерлар ёрдамида таъминлаш орқали савдо бозорларини ва уларни тўғридан-тўғри етказиб беришни кенгайтиришга кўмаклашиш;
г) ижтимоий ривожланишга инновацияларни жорий этиш соҳасида:
таълим тизимида инновацияларни, шу жумладан ўқитишнинг замонавий, интерактив ва ижодий услубларини жорий этиш орқали тарғиб қилишга кўмаклашиш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланишни назарда тутувчи инновацион ўқув дастурларини ишлаб чиқишни таъминлаш;
соғлиқни сақлаш тизимини, шу жумладан касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика қилишни таъминлайдиган илғор технологияларни, “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббиёт ахборот маркази” концепцияларини жорий этиш орқали жадал ривожлантиришга, шунингдек, аҳолининг узоқ умр кўриши учун қўшимча шароитлар яратишга кўмаклашиш;
“Хавфсиз шаҳар”, “Ақлли шаҳар” концепцияларини жорий этишни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш учун зарур шароитларни таъминлайдиган маданий, спорт ва бошқа объектларни ташкил қилишни ҳам назарда тутувчи илғор стандартларни ҳисобга олган ҳолда, шаҳарсозликнинг фақат бош режалар, режалаштириш ва қурилиш лойиҳаларига мувофиқ изчил ривожланишини таъминлашга кўмаклашиш;
д) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тизимига инновацияларни жорий этиш соҳасида:
атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга, жумладан, атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни, сув объектларига ташланадиган оқова сувларни камайтиришга, биологик хилма-хиллик ва экотизимни сақлашга қаратилган инновацион технологик ечимлар ишлаб чиқиш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ишлаб чиқариш бўйича инновацион ғоялар ва ишланмаларнинг, жумладан, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия тежамкор, экологик тоза автотранспорт ёқилғисини ишлаб чиқариш технологиялари, чанг ва газдан тозаловчи технологияларнинг амалда қўлланишига кўмаклашиш;
сувдан фойдаланиш тизимини, шу жумладан сувни тозалаш, чучуклаштириш, оқова сувлардан қайта фойдаланиш ва сув тежашнинг инновацион технологияларини жорий этиш орқали такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
маиший ва саноат чиқиндиларини қайта ишлаш, шу жумладан энергия ва биоўғитларни ишлаб чиқариш учун юқори технологияларни жорий этиш бўйича илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш;
иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сарфини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
е) илғор технологиялар жорий этилишини ташаббус қилиш, мувофиқлаштириш ва рағбатлантириш соҳасида:
инновацион тадқиқотлар, ғоялар, ишланмалар ва технологияларни рағбатлантиришнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, истиқболли фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда новаторлик ғояларини, шу жумладан норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш орқали ишлаб чиқиш;
имтиёз ва преференциялар тақдим қилиш, кўргазма тадбирларини ташкил этиш, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро манфаатли яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа муассасалар, илмий-экспериментал ихтисослаштирилган лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, технопарклар ва бошқа инновацияга йўналтирилган тузилмаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш (илмий-тадқиқот ишлари қисмида), шунингдек, уларнинг моддий-техника ва илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқиш
ва тижоратлаштириш бўйича замонавий илмий-технологик комплекслар, бизнес-инкубаторлар, стартап-акселераторларни, шу жумладан етакчи жаҳон ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда ташкил этиш, шунингдек, IT-инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашиш;
узоқ муддатли технологик ривожланиш эҳтиёжлари ва тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда замонавий юқори технологик ишлаб чиқаришни, шу жумладан янги авлод транспорт воситалари, робот техникалари ва юқори технологик маҳсулотларнинг бошқа турларини маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан ташаббус кўрсатиш;
маҳаллий инновацион маҳсулотларни, шу жумладан расмийлаштирилган халқаро патент ва лицензиялар асосида жорий этиш, ички ва жаҳон бозорларига йўналтириш имконини берувчи самарали механизмларни ишлаб чиқиш.
4. Белгилаб қўйилсинки, Вазирлик:
Ўзбекистон Республикасини инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида жамият ва давлат ҳаётини ҳар томонлама ривожлантиришга, мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
инновацион фаолиятни унинг самарадорлиги индикаторлари асосида баҳолайди, илғор технологияларни биринчи даражада жорий этиш талаб қилинадиган тегишли тармоқ ва соҳаларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди;
инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси ҳисобланади;
юклатилган вазифалар доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ишларнинг ҳолатини ўрганади, инновация фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни тўплаш ва умумлаштиришни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
5. Белгилансинки, Вазирликнинг фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлик билан мажбурий тартибда келишилиши шарт.
6. 2018 йил 1 январдан:
Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси;
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги;
Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳамда унинг Ижро этувчи дирекцияси тугатилсин.
Белгилансинки, ушбу бандда кўрсатилган тугатилаётган идора ва муассасаларнинг бўшаётган штат бирликлари Вазирликка ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда тугатилаётган идора ва муассасаларнинг ходимларини иш билан таъминлашга кўмаклашсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Фанлар академияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси фаолиятини танқидий ўрганишни ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти, унинг натижаларини амалиётга жорий этиш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, илмий-экспериментал ихтисослаштирилган лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича технопаркларни ташкил этиш юзасидан таклифлар киритишни;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ушбу Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда вазирликлар ва идоралар, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасаларининг вазифа ва функцияларини улар фаолиятида бир-бирини такрорлашнинг олдини олиш мақсадида ташкилий-штат тузилмалари ва ваколатларини оптималлаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш бўйича танқидий ўрганишни ва таклифлар киритишни;
мазкур Фармоннинг 6-бандида кўрсатилган идоралар ва муассасалар тугатилиши билан боғлиқ тадбирларни ташкиллаштириш, шунингдек, Вазирликни жойлаштириш, шу жумладан тугатилаётган идоралар ва муассасаларнинг бинолари ва моддий-техника базасини ўтказиш орқали унинг моддий-техника базасини ташкил этиш, ишни самарали ташкил қилиш учун зарур бўлган компьютер техникаси, алоқа воситалари билан жиҳозлашни;
тугатилаётган Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларини Жамғарма ҳисобига ўтказишни;
Вазирликни юқори малакали кадрлар билан, шу жумладан тугатилаётган идоралар ва муассасаларнинг ходимлари ҳисобидан тўлдиришни;
илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шаклларини, шунингдек, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни ҳам белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги қонунлари лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, илмий лабораторияларни жиҳозлаш, олим ва мутахассисларнинг хорижда амалиёт ўташини ташкил этиш учун кредит ва грантларни жалб қилиш бўйича хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар билан тизимли ишларни олиб борсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Фанлар академияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
Вазирлик ва Жамғарма фаолиятини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини;
қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш
ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари У.С.Исмаилов, О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 ноябрь
Жаҳон тажрибаси барча соҳаларда сифатли ўсишни таъминловчи янгиликларни узлуксиз тарзда амалиётга жорий этиш жамият ва иқтисодий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланганлигини кўрсатмоқда.
Бугун ривожланишнинг инновацион моделлари ва “ақлли” технологиялар амалга оширилаётган мамлакатлар энг муваффақиятли ва барқарор ҳисобланади. Бундай мамлакатларнинг барқарор тараққиёти, уларнинг жаҳон бозорларида рақобатбардошлиги табиий ресурсларни экспорт қилиш ва жисмоний меҳнатдан фойдаланишга эмас, балки инновацион ғоялар ва ишланмаларга асосланади.
Ушбу мамлакатларда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш бўйича давлат стратегиясининг ижроси шартли равишда “келажак вазирликлари” деб номланувчи махсус идоралар томонидан амалга оширилади.
Инновацион ривожланиш учун масъул идораларнинг асосий вазифаси инновация ва фан ютуқларини кенг жорий этиш ҳисобига мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва жаҳон бозорларидаги рақобатбардошлигини таъминлаш ҳамда иқтисодиётда интеллектуал улушнинг кўпайиши ҳисобланади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли фаровонлигини тубдан ошириш ва турмуш сифатини яхшилаш, жамият ва давлатни ҳар томонлама ҳамда жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизация қилиш ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди.
Бошқача қилиб айтганда, биз Ўзбекистонни ишлаб чиқаришда инновация ва интеллектуал ҳиссанинг юқори улуши бўлган барқарор бозор иқтисодиётига, замонавий ва глобал бозорда рақобатбардош саноатга, шунингдек, қулай инвестициявий ва ишчанлик муҳитига эга жадал ривожланаётган мамлакатга айлантиришимиз лозим.
Қўйилган мақсадларга Ўзбекистонни ривожланишнинг инновацион моделига тўлиқ ўтказмасдан туриб эришиш мумкин эмас, бу мамлакатда инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳамда давлат бошқаруви, иқтисодиёт устувор тармоқлари ва ижтимоий соҳага инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни амалда жорий қилишни рағбатлантиришнинг самарали тизимини яратиш заруратини тақозо этади.
Бироқ, бой интеллектуал ва инфратузилмавий салоҳиятга қарамасдан, мамлакатда инновацияларни жорий этиш ишлари тизимли асосда йўлга қўйилмаган, бунга қуйидаги тизимли муаммолар мавжудлиги сабаб бўлган:
давлатнинг ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда замонавий фан ва инновацион технологияларнинг ютуқлари ва ривожланиш тенденциялари лозим даражада комплекс таҳлил қилинмасдан ва ўрганилмасдан келган;
инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни стратегик прогноз қилиш, қўллаб-қувватлаш ва жорий этишни, шунингдек, мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлайдиган ягона орган мавжуд эмас;
инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни амалга оширишда давлат-хусусий шериклик имкониятларини кенг татбиқ этиш, инвестицияларни жалб этишга, шунингдек, инновацион маҳсулотларни жорий этиш учун инфратузилмани такомиллаштиришга етарли эътибор қаратилмаяпти;
юқори технологиялар, ноу-хау ва замонавий ишланмаларни жорий этишни талаб қилувчи устувор соҳа ва тармоқларни аниқлаш бўйича тизимли ва мақсадга йўналтирилган фаолият йўлга қўйилмаган;
инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар соҳасида юқори салоҳиятга эга бўлган хорижий (халқаро) ташкилотлар билан ҳамкорлик паст даражада сақланиб қолмоқда.
Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар, илмий ютуқларни жорий этишни рағбатлантиришнинг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.
Мазкур Фармонга инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни кенг жорий этиш борасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалда рўёбга чиқариш бўйича муҳим қадам сифатида қараш мумкин.
Фармон билан стратегик режалаштириш тизимини яратиш, давлат бошқарувининг инновацион шаклларини амалга киритиш, фан ва инновация фаолиятини ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг долзарб соҳаларига илғор технологияларни фаол жорий этиш каби мамлакат инновацион ривожланишининг асосий йўналишларибелгиланди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди ҳамда унинг давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ривожланиш, илғор технологияларни жорий этиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳаларидаги фаолиятининг асосий йўналишлари назарда тутилди.
Бундан келиб чиқиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг инновацион ва илмий-техник ривожланиши соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган этиб белгиланди.
Вазирлик давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси бўлади, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш бўйича давлат бошқарув органлари, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил муассасалари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Инновацион технологиялар ҳисобига ривожланишнинг замонавий ёндашувларини ишлаб чиқувчи, шартли равишда “келажак вазирликлари” деб номланувчи ихтисослаштирилган идораларни ташкил қилиш бўйича жаҳон тенденциясини қайд этиб ўтиш лозим.
Фаолиятда бир-бирини такрорлашни истисно этиш, ягона ёндашувларни таъминлаш мақсадида 2018 йил 1 январдан бошлаб Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси, Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси, шунингдек, Фан ва технологиялар агентлиги тугатилмоқда.
Ташкил этилган Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўтказилаётган тадқиқотлар бўйича ҳисобот беришнинг шаффоф тизимидан фойдаланган ҳолда инновацион ғоялар ва уларни ишлаб чиқишни молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаси ҳисобланади.
Фармонни амалга ошириш доирасида фаолиятда бир-бирини такрорлашни истисно этиш мақсадида вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасаларининг вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилади, уларнинг ташкилий-штат тузилмалари ва ваколатлари оптималлаштирилади.
Шу билан бир қаторда, илмий-тадқиқот фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва унинг натижаларини амалиётга жорий этиш, шунингдек, илмий-экспериментал ихтисослаштирилган лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича технопаркларни ташкил этиш мақсадида Фанлар академияси ва Олий аттестация комиссиясининг фаолиятини танқидий ўрганиш топширилди.
Фармонда инновацияларни жорий этишнинг қонуний асосларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан, илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари ҳамда қўллаб-қувватлаш шаклларини, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни белгиловчи “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши инновацион ва илмий-техникавий ривожланиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлашга қаратилган. Янги идора инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни рўёбга чиқариш учун бюджет маблағларидан оқилона фойдаланган ҳолда мавжуд ресурс ва маблағларнинг сафарбар этилишини таъминлайди.
Пировард натижада, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг инновацион йўли иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи, мамлакат барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг омили бўлиши лозим.