USD 10500.03
EUR 12607.39
RUB 140.7

Чоршанба, 25 Декабрь

Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, молиявий, солиқ ва статистика ҳисобот турларини қисқартириш, ҳужжатларни сақлаш ва давлат идораларига топшириш амалиётини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

юридик шахслар томонидан 2022 йил 1 январдан кейин ҳисобланган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган солиқ суммалари тўғрисидаги архив ҳужжатларини сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбурияти бекор қилинади;

юридик шахслар 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати ва статистика органларига электрон тарзда топширилган молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботларини, шунингдек, солиқ органининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатларни сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбуриятидан озод этилади;

2023 йил 1 январдан бошлаб бухгалтерия ҳисоби субъектлари томонидан молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинади;

2023 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган солиқ ставкаси бўйича тўлайдиган тадбиркорлик субъектлари йиллик молиявий ҳисоботларни солиқ органларига топшириш мажбуриятидан озод этилади.

2. 2023 йил 1 январдан бошлаб 1-иловага мувофиқ статистик ҳисобот турлари бекор қилинсин.

Давлат статистика қўмитаси:

мазкур бандга асосан бекор қилинаётган статистик ҳисобот турларида назарда тутилган статистик маълумотларнинг статистика дастурларига мувофиқ тегишли вазирлик ва идораларнинг маъмурий маълумотлари асосида шакллантирилишини таъминласин;

икки ой муддатда барча турдаги статистика ҳисоботларининг мақсадга мувофиқлиги, уларни соддалаштириш ва топшириш муддатларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

3. Молия вазирлиги икки ой муддатда тадбиркорлик субъектларига тегишли товар-моддий захиралар ва пул маблағлари ҳамда иш берувчининг ходимлар билан боғлиқ бўлган ички хўжалик операциялари бўйича техник воситалар ҳамда ахборот тизимлари ёрдамида қатнашчиларни идентификациялашни таъминлаган ҳолда тузилган ҳисоб ҳужжатлари электрон шаклда юритилиши учун зарур шарт-шароитларни яратсин.

4. 2023 йил 1 майдан бошлаб қуйидагиларга:

тижорат банкларига ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга;

юридик шахсларга электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни, уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришга рухсат этилсин.

5. 2023 йил 1 январдан бошлаб нодавлат архивларни давлат ва нодавлат архивлари реестрига киритиш ҳамда ҳужжатларни электрон архивлаш (сақлаш) хизматларини кўрсатувчи нодавлат архивларнинг маълумотлар узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби хабардор қилиш тартибини жорий этиш орқали бекор қилинсин.

6. Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. “Ўзархив” агентлиги:

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳузуридаги “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси
ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 январга қадар “Архив” ахборот тизимини тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан белгиланган тартибда интеграция қилган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг дастурий таъминот воситасида жамланган ҳужжатларини электрон кўринишда қабул қилиш, сақлаш ҳамда сўровга кўра тақдим этиш амалиётини йўлга қўйсин;

мазкур қарорнинг 1-бандига асосан давлат архивига топшириш бекор қилинаётган архив ҳужжатларининг давлат солиқ хизмати ва статистика органлари маълумотлари асосида шакллантирилишини таъминласин.

8. Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, “Ўзархив” агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д.Кудбиев ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С.Касимов белгилансин.

Қарорнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2022 йил 10 ноябрь