Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ–60-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, республикада тўқимачилик саноатидаги малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида:
1. Наманган шаҳрида Наманган тўқимачилик саноати институти (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Институтда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади ва кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади.
2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тўқимачилик саноати тармоқлари учун меҳнат бозорида рақобатбардош, юқори малакага эга олий маълумотли ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, шунингдек, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
таълим дастурларини етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда, жумладан, қўшма таълим дастурлари асосида жорий этиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
таълим билан ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтириш, соҳа ташкилотларида талабаларнинг малакавий амалиётини йўлга қўйиш, кафедра филиалларини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини ташкил этиш;
ўқув жараёнини талабаларда мустақил билим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга йўналтириш;
ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибани, жумладан, замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини таъминлаш;
илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот марказларида ташкил этиш.
3. Белгилансинки, Институтда таълим жараёни нуфузли хорижий давлатлар олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда, жумладан, қўшма таълим дастурлари асосида ташкил этилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Президент таълим муассасалари агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси билан ҳамкорликда:
а) 2023/2024 ўқув йилига қадар тўқимачилик саноати ривожланган хорижий давлатлар олий таълим ташкилотларини ҳамкор сифатида белгилаб, Институт таълим жараёнини замонавий ўқув дастурлари асосида ташкил этсин;
б) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:
Институт профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва магистрантларини хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ташкилотларига илмий стажировка ва малака оширишга юбориш чораларини кўрсин;
Институт талабаларининг танишув ва малакавий амалиётини хорижий ва маҳаллий йирик тўқимачилик корхоналарида ўташ тизимини жорий этсин;
Институт талабаларининг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини ва профессор-ўқитувчиларнинг иш самарасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этсин;
в) 2024/2025 ўқув йилига қадар Институт ҳузурида тўқимачилик технопарки фаолиятини йўлга қўйсин.
Бунда, Технопарк:
Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан жалб этиладиган халқаро ташкилотларнинг грантлари ва салоҳиятли инвесторлар маблағлари ҳисобига, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади;
Институт таъсисчилигида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади ҳамда унга технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва тижоратлаштириш ҳуқуқи берилади;
хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар, грантлар, ҳомийлик хайриялари, Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
г) 2026/2027 ўқув йилига қадар Институтнинг камида 2 та бакалавриат таълим йўналиши ва 3 та магистратура мутахассислигининг халқаро тан олинган ташкилотлар аккредитациясидан ўтказилишини таъминласин.
4. Институт таркибида қуйидагилар юридик шахс мақомисиз ташкил этилсин:
Тўқимачилик матолари технологиялари ва уларни тадқиқ қилиш ҳамда Бўяш-пардозлаш жараёнлари технологиялари ва уларни тадқиқ қилиш лабораторияларидан иборат тўқимачилик соҳасида илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи Илғор тўқимачилик муҳандислиги мактаби;
таълим жараёнида ва ундан ташқари вақтларда талабаларга замонавий либос кўринишларини яратиш имконини берувчи Дизайн студияси;
илмий-тадқиқот ютуқларини тижоратлаштириш ҳамда янги ишланма ва технологияларни амалиётга жорий этиш билан шуғулланувчи Инновациялар ва технологиялар трансфери маркази.
5. Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 таликка кирган хорижий олий таълим муассасасининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш;
иш берувчилар талаблари асосида ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ва амалий машғулотлар ҳажмини ошириш, юқори курс талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотларини “4+2” тартибида ташкил этиш;
Институт фаолияти йўналишлари бўйича шартнома асосида маслаҳат ва эксперт-таҳлилий хизматлар кўрсатиш ҳамда илмий-тадқиқот ва инновацион хизмат кўрсатувчи корхоналарни ташкил этиш;
таълим ва илмий-тадқиқот жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда уларга меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маош ҳамда бошқа тўловларни белгилаш ва тўлаш;
профессор-ўқитувчиларни ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари ва “устоз-шогирд” тизими бўйича бажарган ишларининг натижаси бўйича рағбатлантириб бориш.
6. Қуйидагилар:
2023-2026 йилларда Наманган тўқимачилик саноати институтини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;
Наманган тўқимачилик саноати институтини 2026 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;
Наманган тўқимачилик саноати институтида ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Белгилансинки:
Институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади;
Институтга талабаларни давлат гранти асосида қабул қилиш параметрлари ҳар йили тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси доирасида аниқланади;
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Наманган муҳандислик-технология институтига тўқимачилик саноати бўйича бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрлар тайёрлаш бўйича ажратиладиган давлат буюртмаси квотаси Институтга йўналтирилади;
Наманган муҳандислик-технология институтининг тўқимачилик саноати таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таҳсил олаётган талабалар ўқиши Институтга кўчирилади;
Институт фаолияти Давлат бюджети маблағлари, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ва грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
Наманган муҳандислик-технология институтининг тўқимачилик ўқув лабораторияси жиҳозлари Институт балансига ўтказилади.
8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
а) 2023/2024 ўқув йилига қадар:
Институтни танлов асосида ишлаб чиқариш ташкилотлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида катта илмий ва (ёки) амалий тажриба орттирган мутахассислар, устувор равишда, илмий даражага эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдириш чорасини кўрсин;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда халқаро нуфузли олий таълим ташкилотларида фаолият юритувчи чет эллик ва (ёки) хорижда яшовчи ватандош профессор-ўқитувчиларни шартнома асосида ўқув ва Илғор тўқимачилик муҳандислиги мактабининг илмий-тадқиқот жараёнларига жалб этиш чораларини кўрсин;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Институт ихтисослашган факультет ва кафедраларининг мос йўналишлари бўйича давлат улушига эга йирик тўқимачилик корхоналари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқласин;
б) Институтнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича Институт учун кадрларни мақсадли тайёрлаш;
Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда белгиланган тартибда Институт таянч докторантурасига тегишли ихтисосликлар бўйича қабул квоталарини белгилаш чораларини кўрсин.
9. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Институт учун янги ўқув бинолари ва талабалар турар жойини қуриш ҳамда уларни жиҳозлаш, Институтнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш лойиҳалари 2023 йил ва келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
10. Институтга Наманган шаҳар, “Гулобод” МФЙ, Жанубий айланма йўли кўчаси, 17-уй манзилида жойлашган Наманган тадбиркорликни ташкил этиш техникумининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилсин.
11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда Наманган вилояти ҳокими Ш.Ш.Абдуразаков белгилансин.
Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.Қ.Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 5 октябрь