Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси бўйича Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори Дилшод Сатторов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, маҳсулот, жараён, хизмат кўрсатиш масалаларида истеъмолчилар ва давлат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, савдода техник тўсиқларни бартараф этиш республика иқтисодиёти ривожининг устувор вазифалари ҳисобланади. Ривожланган давлатлар тажрибаси юқоридаги устувор вазифаларни амалга оширишда стандартларни ихтиёрийлик тусида қўллаш механизмидан фойдаланиш юқори самара берганлигини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда стандартларни ишлаб чиқишда манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлиб, стандартларни қабул қилишда бетарафлик ва холислик таъминланишининг қонуний асослари яратилмаган.

Соҳадаги манфаатдор идораларнинг вазифалари ва ваколатлари тўлиқ очиб берилмагани ҳамда стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг ваколатлари қонунчилик билан тартибга солинмагани сабабли стандартларни қабул қилишда консенсусга эришиш имкони мавжуд эмас.

Шундан келиб чиқиб, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда стандартлаштириш соҳасида манфаатдор томонларнинг ўзаро муносабатларини аниқлаштириш, жаҳон бозорида товар айирбошлашдаги техник тўсиқларни бартараф этиш, илмий-техник тараққиёт жараёнига кўмаклашиш ва стандартлаштириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш ҳамда стандартларни ишлаб чиқиш ва жорий этишда давлат аралашувини камайтириш назарда тутилмоқда.

Маҳсулотлар (хизматлар) ва жараёнларнинг сифати ҳамда уларнинг техник мувофиқлигини ошириш масалаларида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, стандартлаштириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Стандартлаштириш бўйича миллий органнинг, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг, стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида стандартлаштириш тизими халқаро амалиёт билан уйғунлаштирилади. Бунда маҳсулотлар (хизматлар) ва жараёнларнинг сифати, уларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошишига эришилади. Шунингдек, қонун лойиҳасида кўзда тутилган нормалар сифатсиз маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ва амалиётда фойдаланилишининг олдини олади, истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялашга, фуқаролар, жамият ва давлатнинг сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган ҳуқуқий нормаларнинг самарали ишлашига асос бўлади.

Бу ўз навбатида, маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда юзага келиши мумкин бўлган техник тўсиқларни бартараф этган ҳолда, республика экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорида ўз ўрнини топишига имконият яратади.

Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар билдириб, уни концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Муҳтарама Комилова, ЎзА