Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг маданият ва санъатни тарғиб қилиш, спорт, информацион технологиялар, китобхонлик, ҳарбий ватанпарварлик ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўналишларида белгиланган асосий вазифаларини намунавий тарзда ташкил этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ҳудуддаги 49 маҳаллада фаолиятини бошлаган ёшлар етакчилари иштирок этди.
Таъкидланганидек, 2022 йилнинг 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарордан кўзланган мақсад, маҳалла ёшларининг бўш вақтларини фойдали ташкил этиш, уларнинг муаммоларини яқиндан ўрганиш, ёшлар ҳаёти билан янада яқинлашишдан иборатдир.
Бу борада маҳаллаларда ташкил этилган ёшлар етакчиларининг ўрни алоҳида. Етакчиларга ёшлар билан яқиндан ишлаш, ёшларни янада кенгроқ қамраб олиш, спорт, маданият ва бошқа соҳаларда уларга йўл-йўриқ ва амалий кўмак кўрсатиш вазифаси юклатилган. Улар томонидан маҳаллаларда қатор тадбир ва мусобақалар ташкил этилмоқда.
Тадбирлар тумандаги “Бой овул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 16-умумий ўрта таълим мактаби спорт залида маҳалладаги ёшлар ўртасида шахмат ва стол тенниси мусобақалари билан бошланди. Ақлий, жисмоний салоҳият талаб этувчи мусобақаларда жами 100 нафардан ортиқ спортсевар ёш иштирок этди.
Шу ҳудудда жойлашган туман маданият марказида салоҳиятли ёшлар учун “Заковат” интеллектуал турнирининг “Ёшлар ишлари агентлиги кубоги” бўлиб ўтди. Кучли билим, кенг дунёқараш, мантиқий фикрлаш сингари хислатларга эга бўлишни талаб қилувчи турнирда 300 нафарга яқин уюшмаган ёш иштирок этди. Шунингдек, бизнесга қизиқувчи ёшлар учун мутахассислар иштирокида “Маҳорат дарси” ташкил этилди. Унда мутахассислар ёшларга бизнесни қандай бошлаш, юритиш, қийинчиликларни, тўсиқларни енгиш бўйича зарур маълумотлар бериб ўтди.
“Соғлом она-соғлом бола” шиорини илгари сурган ҳолда тумандаги “Чайкўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 22-сонли умумий ўрта таълим мактаби спорт залида қизлар ўртасида волейбол бўйича мусобақа ташкил этилди.
Тумандаги рақамли технологиялар марказида робототехника, IT соҳаларига қизиқувчи ёшлар учун “Маҳорат дарси” ташкил этилди. Ушбу маҳорат дарсида ёшлар технология олами ҳақидаги қатор янгиликлар ва маълумотлар билан танишди.
– Ҳудудимизда 3643 нафар аҳоли истиқомат қилса, шундан 1650 нафарини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш ташкил этади, – дейди тумандаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Дилмурат Ядгоров. – Мақсад маҳаллаларда ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирларни ташкил этишда ўзаро тажриба алмашиш ҳисобланади.
Туманнинг “Қипчоқ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида туман ҳокимлиги, секторлар ва барча мутасадди идоралар раҳбарлари, маҳаллаларга тайинланган ҳоким ёрдамчилари, банд бўлмаган, уюшмаган ёшлар иштирок этди. Очиқ мулоқотда иштирокчилар ўзларининг муаммолари, фикр ва таклифлари билан ўртоқлашди. Ёшлар томонидан кўплаб соҳалар ривожи учун фойдали режалар, ғояларилгари сурилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА