Давосдаги форумда King Abdullah Economic City (KAEC) лойиҳаси бошқарувчи директори Фаҳд ал-Рашид баёнот билан чиқди. Унинг сўзларига қараганда Саудия Арабистони нефтдан воз кечадиган даврга қадам қўяди ва барпо этилаётган «келажак мегаполислари» мамлакат иқтисодиёти ўсиши ва диверсификациясини таъминлашига умид қилади.
Подшоҳлик расмийлари 2015 йилдаёқ Саудия Арабистони 2040 йилга бориб нефтдан бутунлай воз кечишга тайёрлиги ҳақида баёнот берган эди. Ўшанда Парижда бўлиб ўтган иқлим ўзгаришига бағишланган конференцияда нутқ сўзлаган подшоҳлик нефть саноати ва минерал ресурслар вазири Али ал-Наимий “вақт ўтиши билан қазилма ёқилғилари бизга керак бўлмайди. Аммо бу муддат қачон келишини – 2040 йилдами, 2050 йилдами ёки келажакдами, биз аниқ билмаймиз” деган эди.
Расмийларнинг сўзларига қараганда, келажакда мамлакат қуёш ва шамол энергетикаси бўйича жаҳонда етакчи ўйинчилардан бирига айланади. Бунинг натижаси ўлароқ, подшоҳлик углеводородларни эмас, балки электр энергиясини экспорт қилиш билан шуғулланади. Шу билан бирга сайёрамизда бир миллиарддан ортиқ киши электр манбаидан бебаҳра яшаётгани боис қазилма ёқилғиларига ҳам талаб ортиб боришини эсдан чиқариш керак эмас. Вазирнинг фикрича, нефть нархининг тушиб кетиши қуёш энергияси рентабеллигига таъсир кўрсатмайди. У қуёш энергиясидан фойдаланиш нефть ва газдан кўра анча фойдали бўлишига ишонишини маълум қилганди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Саудия Арабистони 2012 йилдаёқ углеводородларни қазиб олишни камайтириши борасида баёнот билан чиққан эди. Подшоҳлик 2032 йилга бориб электр энергиясининг учдан бир қисмини қуёш энергияси ҳисобидан қоплашни режалаштирмоқда. Мамлакат, шунингдек, атом ва шамол энергетикасига ҳам катта эътибор қаратмоқда.
Саудия Арабистони нефть заҳираси бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Подшоҳликнинг нефть заҳираси 260,2 миллиард баррелга тенг экани айтилади. Бу ер юзидаги заҳираларнинг тўртдан бир қисми демакдир. 2015 йилнинг апрель ойида подшоҳлик сўнгги 10 йилда нефть қазиб олишни бир кеча-кундузда 10,3 миллион баррелга чиқариб бу борадаги рекордни янгилади.
Саудия Арабистони Яқин Шарқда энг кўп бензин истеъмол қиладиган давлат ҳисобланади. Қазиб олинаётган нефтнинг 25 фоиздан ортиғи ички бозорда ишлатилади. 2012 йилда Citigroup берган ҳисоботга қараганда, ички бозорда нефтга талаб шу даражада кетадиган бўлса, у ҳолда Саудия Арабистони 2030 йилга бориб нефт импортчисига айланиб қолиши мумкин экан. Бироқ ҳукумат қачонлардир Саудия Арабистонида нефть, газ ва кўмирдан фойдаланишга эҳтиёж қолмаслигига ишонмоқда.
Замонавий Саудия Арабистони ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсак.
Подшоҳлик 1932 йилда ташкил топган. Унинг асосчиси ўша вақтдаги Саудлар сулоласининг раҳбари Абдул Азиз ал-Сауд ҳисобланади. Узоқ давом этган урушлардан сўнг у мамлакатни бирлаштириб, ўзини Саудия Арабистони подшоҳи деб эълон қилди. Ўша вақтдаларда Арабистонда нефть деярли қазиб олинмасди. 1933 йилда подшоҳ Ибн Сауд АҚШ нефть компанияларига нефть конларини қидириш ва қазиб олишга рухсат берди. 1938 йилнинг март ойида подшоҳликда “қора олтин” заҳираси мўл-кўл экани ойдинлашди.
Аммо қазиб олиш Иккинчи жаҳон урушидан кейингина бошланди. 1946 йилда бошланган қазишма ишлари асосан Буюк Британия ва Голландия компаниялари ва капитали ҳисобига олиб борилди.
1949 йилда подшоҳликда нефть саноати пайдо бўлди. Давлат асосчисининг вафотидан кейин тахтга унинг ўғли Сауд чиқди. Бироқ у 1964 йилда укаси Фейсалга тахтни топширди. Подшоҳ Фейсал 1975 йилнинг март ойида жияни томонидан отиб ташланди. Навбатдаги подшоҳ Холид АҚШ билан алоқаларни яхшилади. Натижада подшоҳликда замонавий нефт инфратузилмалари яратилди. Аммо нефть арзонлашмади. 1982 йилда Холид юрак хуружидан вафот этди. Тахтга унинг укаси Фаҳд чиқди.
Фахд ҳукмронлиги нефт нархи арзонлашган даврга тўғри келди. Шунга қарамай Саудия Арабистони иқтисодий жиҳатдан тараққий этган давлатга айланди. Ўтган асрнинг 80-90 йилларида подшоҳлик араб дунёсининг кўзгусига айланди.
2005 йилда Фахд оламдан ўтди. Тожни унинг укаси Абдулла кийди. Бу даврга келиб “қора олтин” бозорига нефть қазиб олувчи ва сотувчи янги давлатлар чиқиб кела бошлади. 2014 йилда нефт нархи тушиб кета бошлади. Бунга СаудияАрабистонининг нефть бозоридан рақибларини чиқариб юбориш режаси сабаб бўлгани айтилади. Чунки расмий Ар Риёд нарх мутлақо қизиқтирмаслигини, қанча хоҳласа, шунча қазиб олишда давом этаверишини маълум қилди.
Нефт заҳиралари туфайли куч-қудратга ва ташқи таъсирга эга бўлмиш давлат амалдорининг нефтдан воз кечиш борасидаги баёноти таҳлилчилариннг баҳсу мунозараларига сабаб бўлди. Баёнот жаҳон нефть бозорига таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бир нарса аниқ – яқин 20 йил мобайнида Саудия Арабистони “қора олтин” баҳосини белгилашдаги нуфузини ўзида сақлаб қолаверади.
Шарофиддин Тўлаганов,
шарҳловчи.
ЎзА